Ҳиндистон хавфсизлик чораси сифатида Исломободдаги дипломатик миссиясининг 8 нафар ходимини чақириб олади, деб хабар қилмоқда NDTV телеканали мамлакат ТИВдаги манбага таянган ҳолда. 

Расмий Деҳли маъмурияти дипломатларнинг исми-шарифлари Покистон ОАВларидаги "жосуслик" билан боғлиқ хабарларда эълон қилингани сабаб шундай қарор қабул қилган. 

Покистон ОАВга кўра, расмий Исломобод мамлакатдан икки нафар ҳинд дипломати — Балбир Сингх ва Ражеш Кумар Агнихортини чиқариб юбормоқчи. Покистон ҳукумати уларни Ҳиндистон махсус хизматларига алоқадорликда гумон қилган. 

Бир кун аввал, Покистон ҳукумати ҳам Ҳиндистондан хавфсизлик чоралари сифатида тўрт нафардан олти нафаргача дипломатик ходимини чақириб олгани хабар қилинган эди. Бунга ҳам Ҳиндистон ОАВда тўрт нафар покистонлик дипломатларнинг исми-шарифи чоп этилгани сабаб бўлган. 

2016 йил 27 октябрида ушбу икки мамлакат ўртасида "жосуслик" можароси юзага келди. Ўшанда, Ҳиндистон раҳбарияти Покистоннинг Деҳлидаги дипломати Маҳмуд Ахтарни айғоқчиликда гумон қилиб, “персона нон-грата” дея эълон қилди. Орадан бир неча соат ўтгач, Покистон ҳукумати ҳам жавоб чораси кўриб, ҳинд дипломати Суржит Сингхни айни айблов билан мамлакатдан чиқариб юборишини билдирди.