Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров 3 ноябрь куни Фарғона вилояти сайловчилари билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Учрашувни халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши депутати Ш.Каримов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили М.Холдоров йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров ўз сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди.

Номзод ўз маърузасида вилоят аҳлининг мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ва яратувчанлик ишларидаги ҳиссаси ҳақида гапирар экан, шаҳар ва туманларда барпо этилган кўркам бинолар, спорт иншоотлари, саноат корхоналари, замонавий таълим ва тиббиёт муассасалари, янги кўчалар вилоят кўркига кўрк қўшиш билан бирга, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади. 

Номзоднинг сайловолди дастурида "Ижтимоий тенглик – тенг ҳуқуқ ва тенг масъулият демакдир", деган тамойилга таянган ҳолда фуқароларнинг сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий тенглиги, ҳар бир фуқаро қобилияти ва малакасидан келиб чиққан ҳолда меҳнат қилиши кафолатланадиган, меҳнатининг миқдори ва сифатига муносиб иш ҳақи ва ҳаёт даражасига эришиши учун кенг ва тенг имкониятлар яратилган ижтимоий давлат қуриш ғояси илгари сурилган. Фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва ролини янада кучайтириш, парламентаризмни ривожлантириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятига ошкоралик, очиқлик ва ҳисобдорлик тамойилларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилган.

Видеоконференция тарзида ўтказилган учрашувда Фарғона шаҳридаги 44-мактабгача таълим муассасаси мудираси Д.Бўрибекова, Фарғона политехника институти ўқитувчиси Ш.Аббосова, Фарғона давлат университети қошидаги 2-академик лицей директори Ф.Абдуллазов, вилоят перинатал маркази акушер-гинекологи Р.Сулаймонова ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастури ҳақида ўз фикрларини билдирди. Сайловчиларни 2016 йил 4 декабрда ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.