НАТОнинг собиқ бош котиби Андерс Фог Расмуссеннинг фикрича, АҚШдаги президентлик сайлови натижаси қандай бўлишидан қатъий назар, мамлакат раҳбарияти жаҳондаги можароларни ҳал этишда фаолроқ бўлиши лозим. 

"Бизга халқаро полициячи бўлган Америка керак. Биз Американинг жаҳон ишларидаги етакчилигини ўрнатишимиз лозим", — деган НАТО собиқ бош котиби Британиянинг Sky News телеканалига берган интервьюсида.

У ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар қаторида Сурия, Ироқ, Ливия ва Украина шарқидаги вазиятларни тилга олган.

"Қудратли давлатларнинг дам олишга ҳаққи йўқ. Атрофга қарасангиз, дунё уруш ва можаролар алангасида қолганини кўрасиз. Ироқ парчаланиш ёқасида. Ливия – Шимолий Африкадаги давлатчилигини йўқотмоқда. Россия Украинага ҳужум қилаяпти ва Шарқий Европани беқарорлаштираяпти. Хитой ўз кучини намойиш этмоқда, ядро ҳужумлари билан таҳдид қилаётган ғайриқонуний мамлакат бўлган Шимолий Корея", — деган Расмуссен.

"Буларнинг барчаси халқаро ҳуқуқ ва тартибни тиклаш учун халқаро полициячи кераклигини билдиради", — дея қайд этган Расмуссен.

Унинг сўзларига кўра, Барак Обама шу пайтгача "жаҳондаги можароларга барҳам беришда қуролли кучлардан фойдаланиш ёки улар билан таҳдид қилишга қаршилик қилиб келган".

Альянснинг собиқ бош котиби республикачилар номзоди Дональд Трамп президент бўлишидан хавотирини яширмаган. Унинг айтишича, бу "дунё учун жуда хавфли" бўлиши мумкин.