Россия Федерацияси 2016 йил 8 ноябридан бир томонлама тартибда Тожикистон билан авиақатновларни тўхтатиши мумкин. Бунга, Тожикистон томонининг "Жуковский" аэропортидан парвоз қилувчи Россия компанияларининг парвозларини келишиб олишни рад этгани сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда "Коммерсант" газетаси соҳа ва Россия транспорт вазирлигидаги манбаларига таянган ҳолда хабар қилмоқда

Манбанинг сўзларига кўра, Тожикистон фикрича, "Жуковский" тўлиқ фаолият юритаётган тўртинчи аэропортга айланган. "Шу боисдан, Душанбе ва Хўжанд шаҳарларига авиакомпанияларнинг қўшимча парвозларини йўлга қўйиш Россия томонига авиаташувчилар ва парвозлар оралиғини кўпайтириш имконини беради". Яъни, Душанбега парвозни амалга оширишга рухсат бериш учун "ҳукуматлараро келишувни кўриб чиқиш керак бўлади", - деб ёзади газета. 

Россия транспорт вазирлиги матбуот хизматига кўра, ҳукумат буйруғига асосан "Внуково", "Домодедово" ва "Шереметьево" халқаро аэропортлари Москвага қараши ҳисобланади. "Жуковский" аэропорти эса Раменскийга тегишли. Шу билан, "Тожикистон томонининг Россия аэропортининг мақомини аниқлашга уриниши Россия ҳукуматининг ўз ҳудудидаги суверенитетини бузади". "Жуковский" аэропортидан парвоз қилувчи Россия авиакомпаниялари самолётларига рухсат бермаслик — ҳаво қатновлари тўғрисидаги ҳукуматлараро келишувнинг "бевосита бузилишидир". 

Бундан ташқари, вазирлик матбуот хизматининг таъкидлашича, мазкур йўналишларда парвоз қилувчиларнинг аксарияти "Тожикистон ЯИМнинг 48 фоизини таъминлаётган тожик меҳнат муҳожирларидир". Мабодо, расмий Душанбе ўз қарашини ўзгартирмаса, Россия ҳукумати маҳаллий авиакомпанияларнинг "ҳуқуқлари поймол қилинишига йўл қўймаслик" мақсадида жавоб чоралари кўришга мажбур бўлади, дея вазирлик баёнотидан иқтибос келтиради газета.