Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари Бишкекдаги йиғилиш якунларига кўра қатор ҳужжатларни имзолади.

РИА Новости агентлиги хабарига кўра, жами бўлиб ўнга яқин қарор қабул қилинган. Улар орасидан ташкилотга аъзо давлатларнинг кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастурини амалга ошириш ҳақида ШҲТ котибияти ҳисоботи ҳақидаги қарор, ШҲТ бюджетининг 2015 йилда бажарилиши натижалари бўйича молиявий ҳисобот, 2017 йил бюджети, ташкилотнинг доимий амалдаги органлари ташқи аудитини ўтказиш бўйича ШҲТга аъзо давлатлар ташқи аудиторлар комиссиясининг маърузаси ҳақидаги қарор каби ҳужжатлар ўрин олди.

Шунингдек, ШҲТ тараққиёт банки ва ШҲТ тараққиёт фондини ташкил қилиш бўйича келгусидаги ишлар ҳақидаги ҳужжат, ШҲТнинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган лойиҳавий фаолиятини ривожлантириш бўйича тадбирлар рўйхати ҳақидаги қарор, 2016-2020 йилларга мўлжалланган илмий-техникавий ҳамкорликни амалга ошириш бўйича тадбирлар режаси ҳақидаги ҳужжатлар имзоланган.

Бундан ташқари, ШҲТ йўлларини ривожлантириш дастури лойиҳаси ҳақидаги қарор ҳам имзоланди.

Йиғилишда Ўзбекистон номидан Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов бошчилигидаги делегация иштирок этди.