Тошкентдаги Ёшлар ижод саройида халқаро таълим кўргазмаси бошланди. Кўргазма "International Study Uzbekistan Expo – 2016" деб номланиб, "ITE Uzbekistan" компанияси ҳамда Британия Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда мамлакатимиз ҳамда қатор хорижий давлатларнинг таълим соҳасига оид янгиликлари, олий ўқув юртлари фаолияти, грант дастурлари, чет тилларни ўрганишга оид маърифий дастурлари билан танишиш мумкин. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Тошкентдаги халқаро Вестминстер университети ректори К.Каримов, Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси К.Аллан, "ITE Uzbekistan" халқаро компанияси раиси Н.Ҳасанова ва бошқалар Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида мазкур йўналишдаги халқаро ҳамкорлик кўлами тобора кенгайиб бораётганини таъкидлади.

Халқаро таълим бўйича ушбу кўргазмадан кўзланган асосий мақсад олий таълим соҳасида ахборот алмашиш, хорижий таълим имкониятлари, олий таълим олишни давом эттириш ва малака оширишга доир маълумотлардан ёшларни бохабар этишдан иборат. Кўргазма иштирокчилари  юртимиз ҳамда  Буюк Британия, Малайзия,  Россия,  Хитой, Руминия, Франция, Япониядаги инжиниринг,  инновацион технологиялар,  режалаштириш ва статистика, туризм ва меҳмонхона бизнеси, табиий фанларга ихтисослашган олий таълим масканларидаги ўқув йўналишлари, таълимдан кейинги, бизнес, таътил дастурлари, тил ўрганиш курслари  бўйича кенг маълумотга эга бўлиш мумкин.      

 –  Ковентри университети Буюк Британиянинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири, – дейди Буюк Британиянинг Ковентри университети вакили Клаудио Иордахе. –  Университетимизда талабаларга бизнес, молия, илғор технологиялар, гуманитар йўналишлар бўйича таълим берилади. Ушбу кўргазмада Ўзбекистон ёшларининг билим олишга бўлган иштиёқи ғоят баланд экани, улар бир неча хорижий тилларни пухта  эгаллаганининг гувоҳи бўлдик.