3 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод Сарвар Отамуратовнинг Андижон вилоятидаги сайловчилар ва кенг жамоатчик билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзМТДП Ахборот хизмати хабар бермоқда. 

Учрашувда турли соҳалар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, хотин-қизлар, ёшлар, маҳалла фаоллари, партия аъзолари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этдилар.

Учрашув Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларининг сайловчилари билан онлайн видео конференция орқали мулоқот тарзида бўлиб ўтди. 

Учрашувда номзоднинг ишончли вакили Садбар Мамитова иштирокчиларга Сарвар Отамуратовни таништирди ва унинг таржимаи ҳолига тўхталиб ўтди. 

Президентликка номзод С.Отамуратов сўзга чиқиб, сайловчиларни сайловолди Дастурида белгиланган устувор вазифалар билан таништирди.

Шундан келиб чиққан ҳолда сайловолди Дастурда миллий ўзликни англаш, миллий ғурур ва қадр-қиммат туйғусини мустаҳкамлаш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли турмуш сифати, даражаси ва фаровонлигини ошириш бўйича Давлат дастурлари қабул қилиш ҳамда Комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш белгиланган.

Айниқса, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва оилавий тадбиркорлик яхши йўлга қўйилган Андижон вилоятида ишлаб чиқаришни техник ва технологик модернизация қилиш, ишлаб чиқаришга йўналтирилмаган харажатларни қисқартириш, янги, замонавий технологияларни жорий этиш, шунингдек, истиқболли ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган корхоналарга солиқ ва мажбурий тўловларда имтиёзлар бериш йўли билан маҳаллий саноат самарадорлигини янада ошириш муҳим масаладир.

Миллий бозорни сифати паст, халқаро андозаларга мос келмайдиган маҳсулотлардан муҳофаза этиш, қулай ва жозибадор сармоя муҳитини шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини кучайтириш, давлат компаниялари ва давлат улуши устунлик қиладиган корхоналарнинг молия-хўжалик фаолияти шаффофлигини таъминлаш орқали уларнинг фаолият самарадорлигини ошириш, ички хусусий инвестицияларни миллий иқтисодиётга йўналтиришни янада кенгайтиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш Сарвар Отамуратов сайловолди Дастурида устувор вазифа этиб белгиланган.

Булар бугунги кунда 47 та йирик саноат корхоналарига эга бўлган Андижон вилояти учун жуда муҳимдир. Хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналардан 38 таси енгил саноатда, 18 таси автомобилсозликда, 17 таси хизмат кўрсатишда, 5 таси озиқ-овқат соҳасида, 4 таси электротехника, 4 таси кимё соҳасида, 5 таси пойабзал, 12 таси савдо, 5 таси фармацевтика соҳаларида фаолият юритмоқда. Андижон вилоятида жорий йил биринчи ярим йиллигида ялпи ҳудудий маҳсулот 95,5 фоизга, ҳудудий саноат 137,3 фоизга ўсган. Шундай экан, истиқболли ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган корхоналарга солиқ ва мажбурий тўловларда имтиёзлар беришни янада кенгайтириш вақти келди, - деди С.Отамуратов.

Учрашув сўнгида С.Отамуратов иштирокчилар томонидан сайловолди Дастур юзасидан берилган барча саволларга жавоб берди.