Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигида ўтказилган матбуот анжуманида мамлакат тўқимачилик саноатини ривожлантириш ва модернизация қилиш борасида амалга оширилаётан ишлар ҳақида сўз юритилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Айни пайтда тармоқда 2 минг 500 дан ортиқ экспорт қилувчи корхона самарали фаолият юритиб, уларда юз мингдан зиёд киши меҳнат қилмоқда. Бу корхоналарда газлама ва матолар, тикувчилик ва трикотаж маҳсулотлари, замонавий чойшаблар, гиламлар ва бошқа рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Сўнгги ўн йил ичида тармоқда изчил ўсиш суръатлари таъминланиб, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш 4,3, маҳсулотлар экспорти қарийб 4 баробарга ўсди. Ишлаб чиқариш таркибида тайёр маҳсулотларнинг улуши 65 фоиздан ортди. Бугунги кунда енгил саноат маҳсулотларининг экспорти қиймати йилига 1 миллиард доллардан зиёдни ташкил этмоқда. Ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик ҳамда тайёр кийим-кечак маҳсулотлари жаҳоннинг 60 дан ортиқ давлатига экспорт қилинмоқда.

Пахта толасини чуқур қайта ишлашни йўлга қўйиш орқали юртимизда енгил саноат тармоғини янада ривожлантириш бўйича тегишли дастурлар ишлаб чиқилаётир.

Жумладан, 2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилиш дастури асосида тўқимачилик саноатида умумий қиймати қарийб 1 миллиард долларга тенг бўлган 77 муҳим лойиҳа амалга оширилмоқда.

2017-2021 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш дастури асосида умумий қиймати 2,2 миллиард доллардан ортиқ бўлган 140 лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Тармоқда амалга оширилаётган ислоҳотлар Ўзбекистон енгил саноатини янги ривожланиш босқичига олиб чиқишга мустаҳкам замин яратади.

Анжуманда мутахассислар журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.