Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида ижтимоий соҳани ривожлантириш борасидаги «Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун» тамойилини изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиш устувор вазифа деб белгиланган. 

Сайловолди дастурида қишлоқ аҳолисининг эҳтиёж ва талабларини ҳисобга олиб, қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури қабул қилинди. Унга биноан, 2017 йилда эҳтиёжманд оилалар учун бошланғич тўлов ҳажми икки баробар камайтирилиб, тўрт хил янги намунадаги, қулай ва арзон, бир ва икки қаватли 15 мингта замонавий уй-жой барпо этиш мўлжалланмоқда.

Бундан ташқари, 2017–2020 йилларда шаҳар жойларда 945та кўп қаватли уйлар қуриш дастури лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Дастурга кўра, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида ҳамда йирик шаҳарларда 50 мингга яқин уй-жойга муҳтож оилалар учун 5, 7 ва 9 қаватли арзон уйлар қурилади. Агар ҳар бир ўртача оила тўрт-беш кишидан иборатлиги инобатга олинса, қишлоқ жойларда 2017 йилда 75 минг, шаҳарларда яқин тўрт йил ичида 250 мингга яқин киши алоҳида уй-жой ва хонадонларга эга бўлади. 

Кўп қаватли уйлар қуриш дастурининг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, бу уйлар имтиёзли ипотека кредитлари асосида берилади, бунинг устига бошланғич тўлов ҳажми икки баробар камайтирилади. Энг муҳими, ушбу қўп қаватли уйлар қурилишида ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос шарт-шароитларига алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, Термиз шаҳрида 7 қаватли уйлар қурилса, Гулистонда 5 қаватли уйлар барпо этилиши режалаштирилган. 

Партия томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида кўрсатилган Шавкат Миромонович Мирзиёев сайловолди дастурида одамларни ҳаётдан рози қилиш, халқ учун муносиб турмуш шароитини яратиш асосий мақсад қилиб қўйилган.

Элим, деб, юртим, деб ёниб яшаётган, ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида фаол иштирок этиб келаётган ҳар бир юртимиз фуқаросини президентлик сайловларида  Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номзоди Шавкат Миромонович Мирзиёевга овоз беришга чақирамиз. 

O‘zLiDeP Матбуот хизмати.

(Шартнома асосида)