Жанубий Корея адлия вазири Ким Хён Ун мамлакатдаги сиёсий можаролар сабаб президентга нисбатан тергов ишлари йўлга қўйилиши мумкин эканлигини маълум қилди. Бу ҳақида "Интерфакс" хабар берди. 

"Олиб борилаётган тергов ишлари қайси йўналишда кетишига қараб, мен ҳақиқат қарор топиши учун қонун нуқтаи назардан Пак Кин Хега нисбатан тергов юритиш зарурати бор ёки йўқлигини кўриб чиқаман", - деди вазир мамлакат парламентидаги йиғилишда. 

У "агар президентнинг ўзи тергов олиб боришга чорласа, у ҳолда ҳеч қандай чекловлар бўлмаслиги"ни таъкидлади. Ким Хён Уннинг сўзларига кўра, "президентнинг ўзи ҳам  юзага келган вазиятнинг нақадар мураккаб эканлигини яхши тушуниб турибди". 

Жанубий Корея конституциясига мувофиқ, амалдаги президент жиноятда айбланиши мумкин эмас, фақат исён ёки хоинлик бундан мустасно. 

Хабар берилганидек, Пак Кин Хе ҳукумат ва ўз аппаратида бир қатор ўзгаришларни амалга оширди, жумладан, у бош вазир, ўз маъмурияти раҳбари ва молия вазирини алмаштирди. 

Ўзгаришлар президент ва унинг дугонаси Цой Сун Силь атрофидаги можароларга боғланмоқда. Бу Жанубий Корея жамияти ва сиёсий доиралари томонидан қаттиқ танқид остига олинди. 

Экспертларнинг сўзларига кўра, Пак Кин Хенинг ҳукуматдаги ўзгаришларни амалга ошириш ҳаракати аҳолининг мамлакат ҳукуматига бўлган ишончини қайтаришга уриниш сифатида баҳоланмоқда.