Жанубий Корея полицияси мамлакат президентининг собиқ котибини коррупция можаросига алоқадорликда гумон қилиб қўлга олди, деб хабар қилмоқда Ёнхап агентлиги. 

Президентнинг собиқ котиби, 57 ёшли Ан Чон Бом "Тинчлик" ва "К-спорт" каби жамғармаларга йирик компаниялардан пул йиғиш ишларида қатнашган. Бу фондларни можаро марказида бўлган, мамлакат президенти Пак Кин Хенинг дугонаси Цой Сун Сил бошқарган. 

Аввал хабар қилинганидек, прокуратура Цой Сун Силни давлат ишларига аралашишда гумон қилиб ҳибсга олиш буйруғини кутмоқда. 

31 октябрь куни Цой Сун Сил унга нисбатан илгари сурилаётган айбловлар бўйича шошилинч тарзда вақтинча қамоққа олинган эди. Прокуратура Цой барча далилларни йўқотишидан хавотирлангани сабаб, шундай чоралар кўришга мажбур бўлган. унинг ўзи барча айбловларни рад этган. Цой Сун Сил Жанубий Корея ҳуқуқ-тартибот идоралари сўроғига жавоб бериш учун ўтган дам олиш кунлари Европадан келган эди.
 
Айни чоғда президент Пак Кин Хе халқидан узр сўраб, Цой Сун Сил билан алоқасини тан олди. Бу унинг истеъфосини талаб қилиб норозилик намойишлари ўтказилишига сабаб бўлди. Президент котибияти ҳам тўлиқ таркибда истеъфога чиқарилган. Ҳукуматда  янгиланишлар бўлиши кутилаяпти. 

Цой Сон Сил Жанубий Кореядаги шомонизм дини етакчиси, 1994 йилда вафот этган Цой Тхэ Миннинг қизи ҳисобланади. У биронта давлат лавозимига эга бўлмаган, бироқ, президент маърузаларига тузатишлар киритган, йирик корпорациялардан иккита жамғармага пул ўтказилишини назорат қилган. Ёнхап агентлигига кўра, президент Пак Кин Хе Цой Тхэ Мин оиласи билан 1974 йилда, онаси, ўша вақтдаги мамлакатнинг биринчи хоними Юк Ён Су вафот этган вақтларда танишган.