Женева маъмурияти Экваториал Гвинея президентининг коррупцияда гумон билан тергов остида бўлган ўғлининг 11 та қимматбаҳо машинасини мусодара қилди, деб хабар бермоқда Женева прокуратураси матбуот котиби Винсент Деруанга иқтибос келтирган ҳолда РИА “Новости” ахборот агентлиги. 

Деруаннинг айтишича, Экваториал Гвинея президентининг ўғли Теодорин Обиангга қарши пул ювиш гумони бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Жиноий ишга кўра, прокуратура ордери билан Женева аэропортининг юк бўлимида Обиангга тегишли 11 та автомобиль мусодара қилинган.

Прокуратура матбуот хизматида "тергов давом этаётгани"га ишора қилиниб, бу автомобиллар қандай русумдаги автомобиллар бўлгани ва улар билан энди нима бўлиши ҳақида тушунтиришлар беришдан бош тортилди.

Аввалроқ Теодорин Обианг Франция суди олдида пул ювиш айблови бўйича жавоб бериши кераклиги маълум қилинганди. У ўз отаси Теодоро Обианг маъмуриятида вице-президент лавозимини эгаллаган. Африкалик сиёсатчи унга Парижда ҳашаматли кўчмас мулк сотиб олишга ва ноёб спорт машиналари паркига эга бўлишга имкон берган молиявий суиистеъмолликларда айбланмоқда.

Теодорин Обианг дипломатик дахлсизлиги туфайли тақиб қилинмаслиги кераклигини таъкидлашига қарамасдан, кассацион суд айбловлар унинг расмий лавозими бўйича эмас, балки Франциядаги турмуш тарзигагина тааллуқлиги ҳақида ҳукм чиқарган.