Ёзувчи ва журналист, ЎзМУ ўқитувчиси Аҳмаджон Мелибоев Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида пахта йиғим-терими ҳашари вақтида ташкил қилинган маданий тадбирда иштирок этди. Сафардан қайтган устоз тадбирда қатнашган ўзига хос услуби билан ажралиб турадиган қўшиқчи Шуҳрат Дарёнинг ижодига муносабатини билдириб ўтди.

Шуҳрат Дарё – фикрлайдиган ижодкор, мен унинг ижросида ҳаракатдаги дарёни кўрдим

Фасли хазонрез латофати...

Кузнинг саховатли, аммо ғанимат кунлари. Деҳқону пахтакорнинг кўзи осмонда: йил бўйи меҳнат қилиб етиштирган ҳосилини нес-нобуд қилмай йиғиштириб олиши керак.

Шундай бўлмоқда ҳам. Ҳамма ҳаракатда. Ҳосилдан бўшаган далалар ором уйқусига чўмгандай. “Фасли хазонрез”нинг кўзни қувонтирувчи бетакрор манзаралари киши кўнглида ажиб туйғулар уйғотади. Ариқларда сувлар тинган, куз оқшомлари сокин ва латофатли.

Тасаввур қилинг...

Шундай латофатли кечалардан бирини тасаввур қилинг. Жиззах вилоятининг Зарбдор туманидаги оддийгина ҳовлилардан бири. Бугун бу ҳовлига ўзбек эстрада санъатининг асосчиси, овози оламаро машҳур Ботир Зокиров меҳмон. Вақт ярим кечадан ўтса ҳамки, бу ерда... гитара тинимсиз нола қилади, ўзининг овозини ўзи соғингандай, гоҳ мунгли, гоҳ завқли овоз чиқариб, тинловчиларни мафтун этади. Бу овоз йигитларнинг ҳайқириқлари билан қўшилиб, янада кучли тўлқинга айланади ва ҳовли оша чор-атрофга, битта-яримта чаноғигина қолган пахта далаларига таралади.

Билиб олганим шу бўлдики...

Бугун бу ҳовлида Ботир Зокиров ижоди, ижро услубининг муносиб давомчиси, айтишим мумкинки, замонавий қўшиқчилик санъатимизда ўзига хос ирмоқ очишга ҳаракат қилаётган ва бу ирмоқ кундан-кунга, ижродан ижрога жонланиб бораётган Шуҳрат Дарё куйламоқда. Тўйда эмас, ижодкорлар даврасида. Қўшиқлар орасида тингловчилар ўқиётган шеърлар давра файзига файз қўшади.

Шуҳратни аввал ҳам талабалар даврасида эшитгандим. Ўшанда у ноанъанавий кириш сўзи, бошқаларникига ўхшамайдиган нигоҳи, қўшиқ сўзларини чуқур ҳис этиши билан менда кичик бир қизиқиш уйғотган эди. Бугун уни яқинлан билиб олдим. Билиб олганим шу бўлдики, Шуҳрат қўшиқ танлашни, уни қаерда қандай куйлашни, тингловчи билан туйғули мулоқот ўрнатишни биладиган, муаллиф матнидаги нола, пўртанали тўйғу, орзу-умид ва яна қанчадан-қанча қалб изтироблари-ю афсус-надоматларни зарур даражада англаб, маъно-моҳиятига тушуниб ва буни тингловчига бевосита етказишга ҳаракат қиладиган изланувчан, озми-кўпми, фикрлайдиган ижодкорлардан бири экан.

Бу ҳали ҳаммаси эмас...

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Менингча, Шуҳрат Ботир Зокиров ижодига мурожаат қилганида қуйидаги уч нарсани ўзи учун муҳим деб ҳисоблайди: биринчиси, у улуғ устознинг ижодий меросига фавқулодда ҳурмат билан қарайди, иккинчиси, Ботир Зокиров ижросида онг-шууримизга сингиб кетган қўшиқлар янги ижрода бошқача либосга ўралиб кетишини мутлақо истамайди, учинчидан, Шуҳрат бу қўшиқларни бугуннинг санъаткори бўлиб, бугуннинг тингловчисига куйлайди ва шу боис, бир вақтлар Ботир Зокиров куйламоқда деса, дунёнинг нариги чеккасига бориб ҳам уни тинглашга тайёр ишқибозларнинг бугунги набиралари қалбини худди устози каби бир ҳамланинг ўзида забт этади.

Ду-тора ги-тара га асос!

Шу оқшом мен Шуҳратнинг ижросини синчиклаб тингладим, кўзим эса унинг қўлидаги гитарада бўлди. Гитара, бу сўзнинг маъноси нима экан-а? Ёдимга 1997 йили Самарқандда илк бор ўтказилган “Шарқ тароналари” мусиқа фестивали тушади. Ўшанда хорижлик, аниқроғи, Европадан келган йирик мусиқашунос олимлардан бири: “Бизнинг гитарага сизларнинг дуторингиз (ду-тора — ги-тара) асос бўлган” деганди. Бу эътирофга бастакорларимиз сардори Рустам Абдуллаев ҳам гувоҳ бўлган. Бундан англашиладики, Зарбдор туманидаги “Шарқ юлдузи” қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи Улбўсин опанинг ҳовлисида тингловчиларни ўзига ром айлаган гитаранинг қон томирларида, худди бизнинг қон томирларимизда улуғ аждодларнинг қони оқаётганидай, Шарқ мусиқасининг буюк ифодачиси — Дуторбойнинг ҳам “қони” бор. Шу боис, у ўзининг бу буюк бобокалони сингари тингловчини кулдиришга ҳам, йиғлатишга ҳам, фикр уммонига ғарқ қилишга ҳам қодир.

Куйлаётган шифокор

Асли тиббиётчи бўлган Шуҳрат ижросида мен кўпроқ фикрни, мавжланиб оқаётган ҳаракатдаги Дарёни кўрдим. Ижрочининг маҳорати тобланган, йўли, услуби аниқ бўлса, унинг қўлида карнайми, сурнайми, дутор ёки гитарами, балки оддий ликопча бўлар, бундан қатъи назар, у мухлислари қалбига осонгина йўл топа олади.

Шундай эмасми?