АҚШнинг истеъмолчилик маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича комиссияси ва Жанубий Кореянинг Samsung компанияси АҚШда сотилган, вертикал кир солинадиган Samsung кир ювиш машиналарини ортга қайтариб олмоқда. Бунга шундай кир ювиш машиналаридан 733 донаси носоз бўлгани ва бу носозлик сабабли бир неча киши шикастлангани ҳақидаги хабар сабаб бўлди. Бу ҳақда комиссия сайтида чоп этилган расмий хабарда айтилди.

"Кир ювиш машинасининг тепа қопқоғи уни ишлатишда тўсатдан корпусдан ажралиб кетиши мумкин, бу эса зарбадан жароҳат олиш хатарини туғдиради", дейилди хабарда.

Ушбу қарор комиссия сайтида келтирилган 34 русумдаги кир ювиш машиналарини қамраб олади. Истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш кафолатини бир йилга чўзиш билан уйларида бепул таъмирлаш хизматидан фойдаланиш, Samsung ёки бошқа компания кир ювиш машинасини сотиб олишда имтиёзлар олиш ёки маҳсулот қайтариб олингани ҳақида хабар пайдо бўлгандан кейин кир ювиш машинасини сотиб олиш учун сарфланган маблағни 30 кун ичида олиш таклиф қилинган.

Ушбу комиссия сентябрда Samsung’нинг Galaxy Note 7 смартфонларини қўллашни рад этишга чақирганди ва АҚШда сотилган 1 млн га яқин смартфонни ортга қайтариб олишини эълон қилганди. 11 октябрда компания бу русумдаги смартфонлар ишлаб чиқарилиши тўлиқ тўхтатилганини маълум қилганди.