BMW компанияси BMW i бўлимининг 3 йиллигини нишонлади. Компания 2013 йилда суббренди ишга туширилиши вақтидан бери бутун дунё бўйлаб электр двигателли машиналардан 100 минг дона сотган.

Компаниянинг энг кўп сотилувчи электрокари i3 хетчбэки ҳисобланади, бу машинадан умумий ҳисобда 60 мингдан кўпроқ сотилган. Модель "соф" электр двигателли ҳамда қувватлаш учун ишлатиладиган икки цилиндрли қўшимча ички ёнув двигателли вариантда таклиф қилинади. Электрокар яқинда янги батарея билан жиҳозланди ва бунинг эвазига автомобилнинг юриш захираси 1,5 баробарга ошди.

BMW i8 гибрид купеси бутун дунё бўйлаб 10 мингдан кўпроқ сотилди. Бу машинада eDrive электр двигатели билан бирга 1,5 литрли турбомотор ўрнатилган. Яна 30 мингта iPerformance автомобилидан сотилди. Бу бренд остида BMW’нинг оддий моделлари негизида қурилган гибридлар сотилади, булар: 740Le xDrive ва 330e седанлари, X5 xDrive40e ва X1 xDrive25Le кроссоверлари, 225xe компактвэни.

Яқинда BMW Group MINI Cooper S E Countryman ALL4 гибридини намойиш қилди. BMW 2018 йилда i8 Roadster, 2019 йилда MINI, 2020 йилда эса BMW X3 электрокари ишлаб чиқаришни режалаштирган. 

Ҳозирда компания ўз устувор йўналишларини ўзгартирмоқда: компания "яшил" технологияларни ривожлантиришда муайян муваффақиятларга эришгани сабабли, ўзининг илғор бўлимини автопилотли автомобилларни ишлаб чиқаришга йўналтиради. BMW iNEXT шартли номига эга компаниянинг бундай моделдаги биринчи машинаси 2020-йиллар бошида пайдо бўлади.