Дунёнинг энг йирик поезд ишлаб чиқарувчиси бўлган Хитой темир йўл қуриш корпорацияси (CRRC) яқинда  магнит левитацияда (маглев)  соатига 600 километргача тезликда ҳаракатлана оладиган янги поезд турини яратишини маълум қилди. Бу эса мавжуд поездлар орасида мутлақ рекорд даражадаги тезлик бўлади. 

«Синьхуа» ахборот агентлигининг ёзишича, давлат компанияси янги маглев поездларини синовдан ўтказиш учун  5 километрли йўллар қуришни бошлади. Бундан ташқари, компания маглевнинг анча секин ҳаракатланадиган версияси устида иш олиб бормоқда. У соатига 200 километргача юра олади.

Хитойнинг юқори тезликдаги темир йўл линиялари дунёда энг йириги саналади. Айни дамда уларнинг узунлиги 20 000 километрдан ошади, уларнинг қурилишига эса давлат 538 миллиард доллар сарфлаган.  Сўнгги йилларда  темир йўл операторлари юқори тезликдаги поездларни бошқаришга мослашмоқда. 

Ўтган йили япон маглеви ёпиқ синов ҳудудида соатига 603 километр тезликда ҳаракатланиб, ушбу транспортнинг аввалги рекордидан ўзиб кетди.  Бироқ бундай тижорат транспорти сифатида 2027 йилдан сўнггина тайёр бўлиши  мумкин. Даставвал зарурий инфратузилмани яратиш лозим.

Айни дамда энг тезкор жамоат маглеви Шанхайда бўлиб,  у шаҳарни Пудун халқаро аэропорти билан боғлайди. Поезд соатига 430 километр тезликда юра олади.

Маглевларнинг юқори тезликка эришишига уларнинг ғилдиракларда эмас, балким махсус магнитли ёстиқчаларда деярли ҳавода учгандек ҳаракат қилиши ёрдам беради. Ётқизилган магнит линияси бир вақтнинг ўзида электромагнитлар ҳисобига поездни олдинга ҳаркатлантириб, орқага итаради. 

Албатта, бу каби темир йўл линияларини қуриш анъанавий рельсли йўлларга нисбатан анча қимматга тушиши аниқ, бироқ маглевлар оддий поездларга қараганда анча барқарор ва тезкордир. Айнан шу сабабли Хитой тезроқ шу турдаги темир йўл транспортига ўтишни мақсад қилган.