Ҳиндистонлик депутат Шаши Тхарур Буюк Британия бош вазири Тереза Мэйдан британияликлар томонидан Ҳиндистонда 90 йил ҳукмронлик қилиш даврида амалга оширилган гуноҳлар учун "тиз чўкиб, кечирим сўрашни" талаб қилди. Бу ҳақда The Independent хабар бермоқда

Тхарурнинг айтишича, Буюк Британия 1858 йилдан 1947 йилгача Ҳиндистондаги ҳукмронлиги даврида мамлакатга ўрнини қоплаб бўлмайдиган зиён етказган. Унинг фикрича, Жаллианвала-багхда ўққа тутиш номи билан маълум бўлган 1919 йилдаги  Амритсар хунрезлиги алоҳида кечирим сўрашни талаб қилади. Ўшанда британиялик полковник Реджинальд Дайер буйруғи билан ҳаракат қилган гурклар ўқидан 400 га яқин тинч ҳинд намойишчилари ҳалок бўлган. Тхарурнинг таъкидлашича, бу воқеага 100 йил тўлишига 3 йил қолаётган бир пайтда "аждодларнинг гуноҳлари учун афв сўрашнинг айни вақтидир". Уч йил аввал Буюк Британиянинг аввалги бош вазири Дэвид Кэмерон сўраган кечирим Тхарурни қониқтирмаган.

"Бу вазиятда бутун халқ бошқа халқдан кечирим сўрайди. Кечирим сўраш зарарни молиявий қоплашдан муҳимроқдир. Одамлар уларнинг аждодлари 100 йил аввал қилган ишлари учун жавобгарликка эга бўлмасалар-да, бироқ улар азият етказилмаганлар олдида бўлса ҳам узр сўрашлари керак", деб айтди депутат. У бунга 1970 йилда Германиянинг собиқ канцлери Вилли Брандт томонидан Иккинчи жаҳон урушида Варшава геттосидаги ғалаённи бостириш учун кечирим сўраш илтимосини мисол тариқасида келтирди. 

Шаши Тхарур Ҳиндистон парламенти қуйи палатасининг депутати, мамлакатнинг собиқ ташқи ишлар вазири ва ўз ватанида таниқли ёзувчи ва сиёсатшунос ҳисобланади. Тхарурнинг фикрича, британ ҳукмронлиги Ҳиндистонга адоғи йўқ кулфатлар келтирган, шунинг учун Лондон Нью-Деҳлига 3 трлн доллар товон пули тўлаши лозим.