Индонезияда Малайзия кемасининг ҳалокатга учраши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 54 нафарни ташкил қилди. Бу ҳақда Синьхуа хабар бермоқда.

Дастлабки хабарларда 21 киши ҳалокат қурбони бўлгани ҳақида хабар берилганди. Кейинроқ бу миқдор 34 киши сифатида кўрсатилди.

Қутқарувчилар бедарак йўқолган деб ҳисобланган кишиларнинг жасадини аниқлади. Айни вақтда полиция ходимлари ҳамкорлигида қидирув ишлари давом эттирилмоқда. Шу вақтгача 41 киши қутқариб олинган.

Эслатиб ўтамиз, 2 ноябрь куни Малайзиянинг Жохор-Бару портидан Индонезияга йўл олаётган ҳамда бортида 90 нафарга яқин ишчи бўлган кема Батам ороли яқинида ҳалокатга учради. Гувоҳларнинг айтишича, кема шиддатли шамол ва кучли тўлқинлар оқибатида ағдарилган.

Хабарда қайд этилишича, кема денгизга ноқонуний равишда чиққан ва унинг бортидаги ишчиларда ҳужжатлар бўлмаган.