Малайзия ва Хитойнинг фикрича, Жанубий Хитой денгизидаги ҳудудий баҳсларни тинчлик билан ҳал қилса бўлади. Бундай фикрни журналистларга Малайзия бош вазири Нажиб Раззоқ Пекинда Хитой раиси Си Цзиньпин билан ўтган учрашув натижаларига якун ясаш вақтида айтди. 

"Бу баҳслар икки дўстона ва ўзаро юқори даражадаги ишончга эга давлатлар ўртасида мавжуд эканлиги ҳақидаги ягона фикрга эгамиз. Бу келишмовчиликлар ҳал қилиниши мумкин бўлмаган бирорта сабабни кўрмаяпмиз", деб Раззоқ айтган сўзларни келтирди New Straits Times. 

Шу билан бирга Раззоқ "ҳудудий баҳсларни ҳал қилиш учун вақт талаб этилиши, чунки миллий суверенитет масалалари мураккаблиги, бироқ бунинг барчаси Жанубий Хитой денгизидаги ва умуман минтақадаги тинчлик ва барқарорликка путур етказмаслиги кераклигини" тан олди. Раззоқнинг айтишича, Малайзиянинг бу масаладаги позицияси "исталган баҳс ва келишмовчиликларни мулоқот ва тинч йўл билан ҳал қилиш зарурлигидан" иборат.

Икки давлат ўртасидаги ҳудудий баҳслар Парасель ороллари (Сиша), Спратли архипелагига (Наньша) эгалик қилиш борасида олиб борилмоқда. Бундан ташқари, бу ҳудудларга эгалик қилишга Бруней, Вьетнам ва Филиппин ҳам баҳслашмоқда. Низога асосий сабаб Малакка бўғози яқинидаги ҳудуд устидан назорат ўрнатишга уринишлар бўлмоқда. Бу ердан Хитой савдосининг 60 фоизга ва Хитой углеводородлар импортининг 80 фоизга яқини ўтади.