«Манчестер Юнайтед» жамоаси бош мураббийи Жозе Моуриньо Европа Лигасининг 4-турида «Фенербаҳче»дан учралган мағлубиятдан кейин жамоа ярим ҳимоячиси Генрих Мхитаряннинг жамоадаги ўрни ҳақида гапирди.

Бу футболчи катта маблағ эвазига ёзги трансферлар вақтида Дортмунднинг «Боруссия» жамоасидан олиб келинган, аммо у ҳозирча асосий таркибга кира олмади.

«Барчаси оддий. У шунчаки кўпроқ иш бажариши керак. Бу жамоадан кўп нарса кутишади ва унинг позициясида кўплаб футболчилар бор. Мхитарян Мата, Лингард ва Марсиялдан яхшироқ ўйнаши керак холос.

Ҳар бир мураббий ўйинларни ютишни истайди, ҳар бир мураббий унинг наздида яхшироқ формада бўлган футболчидан фойдаланади. Бу ерда бошқа гап йўқ, менинг сабабим ҳам шу», — дея португалиялик мураббийнинг сўзларини келтирган клуб сайти.

Мхитарян Туркиядаги баҳсда 10 сентябрдан бери илк марта манчестерликлар сафида майдонга тушди. 27 ёшли арманистонлик футболчи 61-дақиқада Маркус Рэшфордни алмаштирди.