2016 йил 4 декабрь мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов бўлиб ўтади ва мазкур жараёнда энг муҳим вазифалар участка сайлов комиссиялари зиммасига юклатилади. Шу боис жорий йилнинг 3 ноябрдан эътиборан Тошкентдаги 713та Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссия аъзолари учун ўқув-семинар ташкил этилмоқда.

Таъкидланганидек, сайлов участкалари сайлов ўтказиш даврида сайловчилар билан доимий ишловчи, сайловчиларни сайлов жараёнлари ва номзодлар ҳақида тегишли маълумот билан таъминловчи, шу билан бирга,   ўз моҳиятига кўра, сайловчиларнинг овозини бевосита қабул қилувчи ва жойларда дастлабки натижани аниқловчи сайловнинг энг муҳим ва асосий қуйи ташкилий тузилмаси ҳисобланади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, жойларда ўтказилаётган семинарлар Марказий сайлов комиссияси томонидан айни шу масъулиятни ҳис этиб белгиланган чора-тадбирлар асосида ташкил этилмоқда. Унда соҳа мутахассислари ва экспертлар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссиялари аъзоларига сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти ҳамда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда участка сайлов комиссияларининг олдида турган муҳим вазифалар, участка сайлов комиссиялари фаолиятини молиялаштириш, сайловчилар рўйхатини тузишнинг ўзига хос хусусиятлари, овоз бериш жараёнини ташкил этиш ва ўтказиш, муддатидан олдин овоз беришни ташкил қилиш, сайлов жараёнида кузатувчиларнинг ўрни хусусида зарур маълумотлар беришмоқда.

Участка сайлов комиссиялари томонидан бундай муҳим вазифаларни амалга ошириш учун мамлакатимизда етарли ҳуқуқий база яратилган, шу билан бирга, мунтазам равишда ушбу масалалар Марказий сайлов комиссияси қарорлари билан тартибга солинган. Булар эса, участка сайлов комиссиялари фаолиятини самарали ташкил қилиш ҳамда олдимизда турган муҳим тадбирнинг ошкоралик ва транспарентлик руҳида ўтказилишига замин яратади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича 14-Тошкент шаҳар сайлов округи Матбуот маркази