Саудия Арабистони агар Эрон нефть қазиб олишнинг жорий ҳажмини музлатишдан бош тортса, унда нефть қазиб олишни кўпайтириш билан таҳдид қилмоқда. Бу ҳақда ОПЕКдаги 4 та манбага иқтибос келтирган ҳолда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда

Уларнинг маълумотларига кўра, ўтган ҳафта бўлиб ўтган ОПЕК давлатлари вакиллари учрашувида Саудия Арабистони нефть қазиб олиш ҳажмини кунига 11-12 млн баррелгача кўпайтириши ва нефть ҳажмини музлатишни тўхтатиши билан таҳдид қилган.

Эрон нефть қазиб олиш ҳажмини чеклашдан бош тортмоқда ва бундай чекловлардан озод қилиниши кераклигини, чунки унинг нефть ишлаб чиқариш саноати санкциялар бекор қилингандан кейин эндигина тикланаётганини айтмоқда. Сентябрда Эрон кунига 3,85 млн баррель нефть қазиб олган ва нефть қазиб олиш ҳажмини кунига 4,2 млн баррель ҳажмида музлатишга тайёрлигини таъкидламоқда. 

Саудия Арабистони вакиллари эса Эрон бу кўрсаткични 3,66 млн баррель миқдорида чеклаши зарурлигини таъкидлашмоқда. Ана шундагина Саудия Арабистони ўзининг нефть қазиб олиш ҳажмини 10,2 млн баррель миқдорда чеклаши мумкин.

ОПЕК расмий вакиллари бу ахборотга изоҳ беришдан бош тортишди, чунки учрашув ёпиқ эшиклар ортида ўтган. 

Саудия Арабистони 2014 йилдан бери нефть қазиб олиш ҳажмини рекорд даражадаги 10,5-10,7 млн баррелга оширди. Агар у томондан нефть қазиб олиш ҳажми янада оширилса, унда бу нефть нархининг сезиларли пасайишига олиб келиши мумкин.