АҚШ президентлиги учун сайловда Республикачилар партиясидан номзод бўлмиш Дональд Трамп ваъда бердики, агар у президентликка сайланадиган бўлса, Қўшма штатлар бошқа мамлакатларнинг ички ишларига аралашишни ҳамда режимларни ағдариш билан шуғулланишни бас қилади.

"Биз фақатгина АҚШ хавфсизлигига таҳдид пайдо бўлгандагина ҳарбий кучлардан фойдаланамиз. Биз ўз чегараларимиздан ташқарида демократия қуриш билан шуғулланишни тўхтатамиз ва бошқа давлатлардаги тузумларни бошқа ағдармаймиз. Биз ўзимиз ҳақли бўлмаган ишларни қилмаймиз", деган у Сельмада (Шимолий Каролина) ўз тарафдорлари билан учрашув вақтида.

АҚШ президентлиги учун сайлов 8 ноябрь куни ўтказилади.

Маълумот учун, The Washington Post (Ҳиллари Клинтонни қўллаб-қувватлайди) ва ABC News (ҳеч бир номзодни қўллаб-қувватламайди)нинг биргаликдаги сўрови 1 ноябрь куни, АҚШдаги президент сайловига роппа-роса бир ҳафта қолганида Дональд Трамп АҚШнинг собиқ давлат котиби Клинтонни бир фоизга ортда қолдираётганини кўрсатди. Трамп 2016 йил майидан бери биринчи марта пешқадамликни қўлга олди, бу ҳодиса Клинтоннинг ёзишмаларини текшириш қайта бошлангани, шунингдек, ФҚБ миллиардер-номзоднинг Кремль билан алоқалари ҳақида ҳеч қандай далил топа олмагани ҳақидаги хабарлар ортидан юз берди.