Xiaomi бугун ўзининг 75 долларли янги маҳсулоти - Mi Bunny Block Robot'ни намойиш қилди. Бу смартфондан бошқариш мумкин бўлган робот-трансформердир. "Лайфхакер" нашри мазкур робот ҳақидаги маълумоти билан бўлишди. 

Компания Mijia билан ҳамкорликда 978 деталдан иборат робот-конструкторни тақдим қилди. Манбага кўра, "ўйинчоқ" уч хил шаклга киради. Болалар ва уларнинг ота-оналари "робокоп", динозавр ва вертолётдан бирини  танлашлари мумкин. 

Mi Bunny Block Robot'нинг ўзига хос хусусиятларидан бири сифатида масофадан бошқариш, блок-график дастурлаш ва мувозанатни сақлаш тизимини эътироф этиш мумкин. 

Роботнинг мияси 32 бит'ли Cortex M3 процессори, мускуллари эса бир дақиқада 133 марта айланиш тезлигига эга бир жуфт чўткасиз мотор-ғилдираклардан иборат. Унда механик тугунлардан ташқари, тезликни аниқловчи ва исиб кетишдан асровчи электрон датчиклар мавжуд. Дарвоқе, хавфсизлик ҳақида: деталларни тайёрлашда экологик тоза материаллардан фойдаланилади. 

Mi Bunny Block Robot смартфондан бошқарилади. Ўйинчоқнинг ҳаракатларини бошқариш, масалан, рақс тушишга ўргатиш мумкин. Бунинг учун унда модуль-ҳаракатлар асосида бошқарувчи дастурий таъминот мавжуд. Роботни бошқарувчи иловадан фойдаланиш ҳатто болаларга ҳам қийинчилик туғдирмайди. 

Mi Bunny Block Robot 11 ноябрдан бошлаб, ҳозирча фақат Хитой ҳудудида сотувга қўйилади.