Жанубий Корея президенти Пак Кин Хе ўзи аралашиб қолган сиёсий можаро учун узр сўради ва бу иш бўйича текширувларда прокурорлар билан ҳамкорлик қилиб, кўрсатма беришга тайёрлигини айтди.

Reuters хабарига кўра, у ўз президентлигини хавф остига қўйган бу воқеалардан «юраги ларзага келгани»ни айтган.

Gallup институти тадқиқотига кўра, бугунга келиб Пак Кин Хенинг сиёсий фаолиятига ишонч даражаси мамлакат тарихидаги барча президентлар орасида энг қуйи кўрсаткичгача тушган. Айни вақтда мамлакатда уни аҳолининг фақат 5 фоизи қўллайди.

Сўровлар 1-3 ноябрь кунлари давомида ўтказилган ва унда мамлакатнинг 1,5 минг фуқароси иштирок этган. Уларнинг 89 фоиз Пак Кин Хе бу лавозимни эгаллаб турганидан норозилигини айтган.

Бундан олдинроқ, президент ўз маъмуриятига Хан Гван Окни раҳбар этиб тайинлагани маълум бўлганди.

Мамлакат президенти ўз дугонаси Чхве Сун Силнинг Пак Кин Хе президентлигидан фойдаланган ҳолда давлат маблағларини ўзлаштиргани маълум бўлгач, Жанубий Кореяда сиёсий можаро авж олди.

Сеул округ суди 3 ноябрь оқшомида Чхве Сун Силни ҳибсга олиш учун рухсатнома берди. 

Суд аёлга қарши илгари сурилган айбловларни синчиклаб текширганидан сўнг рухсатнома чиқаргани айтилмоқда. Ҳафта бошида Жанубий Корея прокуратураси сўроқдан сўнг Чхве Сун Силни ушлаб қолган эди.

Чхве Сун Силь ўз мавқеидан фойдаланган ҳолда йирик компанияларни унга алоқадор икки жамғармага кўп миллионли эҳсонлар қилишга мажбурлаганликда айбланмоқда. Айримлар, ўз навбатида, Пак Кин Хени дугонасининг бу ишларига йўл қўйиб берганликда гумон қилмоқда.

Яқинда Корея Республикаси ҳукумати раҳбари ўзгарди, шунингдек, котибиятда ўзгаришлар амалга оширилди. Журналистлар бу ўзгаришлар коррупцион жанжал билан боғлиқлигини тахмин қилмоқда.