Жанубий Корея прокуратураси мамлакат президентининг собиқ ёрдамчиси Чжон Хо Сонни ҳибсга олди. Ёнҳап агентлиги хабарига кўра, у сўнгги ҳафтада мамлакатни қамраб олган шов-шувли можародаги фигуралардан бири ҳисобланади.

«Чхон Хо Сон ўтган тунда махфий ҳужжатларни Чхве Сун Силга берганликда гумон қилиниб ҳибсга олинди», — дейилган хабарда.

Ҳозирча ушбу ҳолат юзасидан прокуратура расман изоҳ бермаган.

3 ноябрь оқшомида Сеул округ суди мамлакат президенти Пак Кин Хенинг дугонаси, йирик коррупцион жанжалга аралашиб қолган Чхве Сун Силни ҳибсга олиш учун рухсатнома берди.

У ўз таъсиридан фойдаланган ҳолда мамлакатдаги йирик корпорацияларни ўз фондлари (Mir ва K-Sports) учун йирик миқдорларда хайрия маблағлари ажратишга ундаган.

Бир қатор нашрларнинг билдиришича, бу тизим орқали 53та компаниядан 80 миллиард вон (72 млн доллар) ундирилган. Уларнинг аксар қисмини Чхве Сун Сил ўзига хориждан кўчмас мулк сотиб олиш ҳамда қизининг таълим олиши учун сарфлаган.

Мамлакат президенти ўзининг 40 йиллик дугонасига давлат ишларига аралашиши учун рухсат берганликда гумон қилинмоқда. Пак Кин Хе унга муҳим ва махфий ҳужжатларни берган, жумладан ўзи ўқийдиган нутқлар матнини таҳрирлаш учун ҳам. 

Президент ўзи аралишиб қолган сиёсий можаро учун узр сўради ва бу иш бўйича текширувларда прокурорлар билан ҳамкорлик қилиб, кўрсатма беришга тайёрлигини айтди.