Нидерландияда 2017 йил охирига келиб пластмассадан тайёрланган биринчи йўл пайдо бўлади, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги. 

Бундай автомобиль йўли юкламани асфальт каби кўтара оладиган махсус модуллардан йиғилади. Анъанавий йўл қопламасига нисбатан пластик модуллар анча камроқ вазнга эга ва уларни осон ташиш мумкин, тупроқ эса камроқ даражада чўкади.

Пластик модуллар конструкциясида кабел ва турли коммуникацияларни ўтказиш учун бўшлиқлар кўзда тутилган. Модуллар ўз хизмат муддатини ўтагандан кейин, уларни қайта ишлаб, яна ишлатиш мумкин.

"Бизда Wavin ва Total компаниялари билан биргаликда бу лойиҳани амалга ошириш бўйича аниқ қадамларни бошлаш учун етарлича билим, тажриба ва захиралар мавжуд. Бундай йўл прототипи 2017 йил охиригача пайдо бўлишига умид қилмоқдамиз", деб айтдилар антиқа йўл қопламаси ихтирочилари.

Қайта ишланган пластикдан йўл ётқазиш ғояси 2015 йилда пайдо бўлган. Ўшанда Нидерландия компанияси АҚШдаги асфальт йўлларни пластикдан ишланганига алмаштиришни таклиф қилган.