Швеция ҳукумати АҚШ билан Стокгольмнинг Арланда аэропортида Америка бирламчи чегара назоратини ташкил этиш бўйича келишувни имзолади, деб хабар қилмоқда Reuters агентлиги.

Хабарларга кўра, шартнома кучга киргач, АҚШ чегара назорати АҚШга парвоз қилувчи самолётларга киришдан аввал амалга оширилади. Чегарани кесиб ўтиш бўйича барча расмий жараёнлар Америка хизматлари томонидан амалга оширилади. Одатда, хориждан Қўшма Штатларга келган йўловчиларни назорат қилувчи органлар ходимлари айни вазифани чет эл аэропортида бажаришади. 

Битимни имзолаш маросими 4 ноябрда АҚШнинг Швециядаги элчихонасида бўлиб ўтган. 

«Бу шартнома Арландадан АҚШга парвоз қилаётган кўплаб йўловчиларнинг сафарини енгиллаштиради», — деган Швеция ҳукумат девони вакиллари. 

Ҳозирда, бу каби Америка чегарасини кесиб ўтиш назорат пунктлари Канада, Аруба, Бермуд ороллари, Баҳама, Ирландия ва Абу-Даби аэропортларида бор.