Ўзбекистон Бош прокуратураси мамлакат тадбиркорларини бизнесни юритишга оид норматив-ҳуқуқий ва ташкилий-амалий асосларни ўзгартириш ишларига фаол жалб этиш истагида. Шу муносабат билан, тадбиркорлар Бош прокуратура сайтига жойланган эълон бўйича тадбиркорлик билан шуғулланишга тўсқинлик қилаётган қонунчилик талабларини ўзгартириш бўйича фикрларини билдиришлари мумкин. 

Энг яхши таклиф билдирган муаллифлар, уларни амалий татбиқ этишда бевосита иштирок этиши мумкин бўлади, дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида. 

Бош прокуратура тадбиркорликни ривожлантиришдаги тўсиқларни йўқ қилиш бўйича Савдо-саноат палатаси ва Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган қўшма лойиҳаси доирасида тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилган. 

Учрашувлардан кўзланган мақсад – тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсир кўрсатаётган тизимли муаммоларни ва мавжуд ҳуқуқий бўшлиқларни аниқлаш, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш бўйича таклифларни йиғиш ва умумлаштириш, тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам кўрсатишдан иборат бўлди.

Ўтказилган учрашувларда капитал қурилиш, улгуржи ва чакана савдо, хизматлар кўрсатиш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, фермерлик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, захирага ғамлаш ва экспорт қилиш, енгил ва пойафзал саноати, қурилиш материаллари ва технологик ускуналари ишлаб чиқариш, молия ва банк хизматларини кўрсатиш, заргарлик саноати ва бошқа соҳаларда фаолият юритиб келаётган 200 дан ортиқ тадбиркорлар иштирок этган.

Мазкур тадбирлар якунига кўра тадбиркорлар томонидан қайд этилган муаммоларнинг рўйхати тузилиб, улар тармоқлар ва соҳалар бўйича тизимлаштирилди, уларни бартараф этиш бўйича таҳлиллар амалга оширилмоқда ҳамда таклифлар ишлаб чиқилмоқда.