8 ноябрь куни АҚШда 58 бор президентлик сайлови бўлиб ўтади. Аввалига сайловчилар Президентни сайловчи Ҳайъатни сайлайди. Сайлов Ҳайъати томонидан, ўз навбатида, президент ва вице-президент сайланади. 1853 йилдан бошлаб АҚШнинг барча президентлари ё Республикачилар, ё Демократик партиянинг вакиллари бўлиб келади. Бу ҳар икки партия рамзлари хақида гапирсак, демократлар эшакни, республикачилар эса филни ўз тимсоллари сифатида қабул қилишган. Демократлар илк бор эшак тимсолидан 1828 йилда тарғибот мақсадларида фойдаланган. 1870 йилда эшак сурати карикатурачи Томас Наст томонидан Harper's Weekly журналида фойдаланилган ва шу тариқа демократлар рамзига айланган. Республикачилар партиясининг рамзи бўлмиш фил ҳам карикатурачи Томас Наст қаламига мансуб. Фил сурати Harper's Weekly журналида илк бор 1874 йил 7 ноябрида пайдо бўлган.

АҚШ Демократик партияси жаҳондаги энг кекса сиёсий партиялардан бири сифатида тан олинади. Бу партияга 1828 йилда (1792-1824 йилларда фаолият юритган Демократ-республикачилар партиялари фракцияларининг бирлашуви остида) асос солинган. Бу партия асосчиларидан бири АҚШнинг учинчи президенти Томас Жефферсондир (1801-1809). Партия асосчилари сифатида тан олинадиган Эндрю Жексон ва Мартин ван Бюренлар ҳам келажакда президент этиб сайланган. Эндрю Жексон 7-чи президент бўлиб, 1829-1837йилларда АҚШни бошқарган. Мартин ван Бюрен эса 8-президент бўлиб 1837-1841 йилларда АҚШга раҳбарлик қилган.

Республикачилар партияси эса 1854 йилнинг 20 мартида Рипон шаҳрида тузилган. Партия асосчилари 1832-1856 йилларда фаолият юритган Виглар партияси, 1848-1854 йилларда фаолият юритган Озод ерлар партияси ва 1828 йилда асос солинган Демократик партиянинг вакиллари бўлган эди. Партия Таъсис съезди 1854 йилнинг 6 июлида Мичиган штатининг Жексон шаҳрида бўлиб ўтган. Ўшанда республикачиларнинг сиёсий платформаси қабул қилинди. Партия Съезди эса 1856 йилнинг 17-19 июнь кунлари Филадельфияда бўлиб ўтган. Ўшанда Жон Чарльз Фремонт президентликка илк номзод сифатида  кўрсатилган эди.

1828 йилдан шу кунга қадар Демократик партиянинг 16 нафар вакили президент этиб сайланган. Бу партия мамлакатни умумий ҳисобда 80 йил бошқарган. XX асрда бу партиянинг Вудро Вильсон, Франклин Рузвельт, Гарри Трумэн, Жон Кеннеди, Линдон Жонсон, Жимми Картер ва Билл Клинтон сингари вакиллари Оқ уйга бошчилик қилди. 2000 йилда Демократик партия вакили Альберт Гор республикачи Кичик Жорж Бушга имкониятни бой берди. 2008 ва 2012 йилларда бўлиб ўтган сайловларда демократ Барак Обама ғалаба қозонди. 

Биринчи республикачи президент сифатида Авраам Линкольн (1861-1865) тан олинади. Республикачилар Оқ уйни умумий хисобда 18 марта эгаллаб, 80 йилдан ортиқ вақт давомида АҚШни бошқаришган. XX-XXI асрларда Республикачилар вакиллари 1953-1961 йилларда (Дуайт Эйзенхауэр), 1969-1977 йилларда (Ричард Никсон, Жеральд Форд), 1981-1993 йилларда (Рональд Рейган, Катта Жорж Буш) ва 2001-2009 йилларда (Кичик Жорж Буш) президент лавозимларини эгаллаган.

АҚШда президент билан бирга вице-президент ҳам сайланади. Вице-президент федерал ҳукуматда “иккинчи шахс” ҳисобланади. АҚШ Вице-президенти (Vice President of the United States) — катта ваколатларга эга эмас. Биричи вице-президент Жон Адамс, амалдагиси эса Жо Байдендир. Тарихда умумий ҳисобда бу лавозимни 47 киши эгаллаган. Унинг конституцион функцияси шундан иборатки, мободо президент вафот этгудек, истеъфога чиққудек бўлса унинг ўрнини эгаллайди. Вице-президент Сенат раиси ҳамдир.

7 нафар вице-президент вазифасини бажараётган вақтда вафот этган, 2 нафари (Кэлхун ва Агню) истеъфога чиққан. 14 нафар вице-президент кейинчалик президент лавозимини эгаллаган. Улардан уч нафари - Адамс, Ван Бюрен ва катта Жорж Буш вице-президент ваколатлари тугаши биланоқ президент этиб сайланган. Никсон эса бу дақиқаларни 8 йил кутган. 9 нафар вице-президент бу лавозимга аввалги президентларнинг ўлими ёки истеъфосидан сўнг эришган. Жеральд Форд эса ҳеч қачон умумхалқ овоз бериш йўли билан президент ёки вице-президент этиб сайланмаган. У 1973 йилда Спиро Агнюнинг истеъфога чиққани сабаб президент Ричард Никсон томонидан вице-президент этиб тайинланади. 27 ноябрда Форд бу лавозимга Сенат томонидан, 6 декабрда эса Вакиллар палатаси томонидан тасдиқланади. Орадан бир йил ўтар-ўтмас, 1974 йилнинг 9 августида Форд истеъфога чиққан Никсоннинг ўрнини эгаллайди.

Линдон Жонсон АҚШнинг 37-вице-президенти ва 36-президенти (1963 - 1969). Ричард Никсон эса 36-вице-президент ва 37-президент (1969—1974) сифатида тарихга кирган бўлиб, ваколатларини ўз хоҳишига кўра топширган ягона президентдир.

Гарри Эс Трумэн 34-вице-президент ва 33-президент (1945—1953)дир. Кичик Жон Калвин Кулидж 29-вице-президент ва 30-президент (1923—1929) бўлиб, 1928 йилда Кубага ташриф буюрган. Шундан кейин 90 йил мобайнида АҚШнинг бирор бир президенти Кубага бормаган. Барак Обама 2016 йилда “Озодлик ороли”га ташриф буюрди.

25-вице-президент ва 26-президент (1901-09) Теодор Рузвельт “катта таёқ” сиёсатининг муаллифи бўлиб, Вашингтоннинг сиёсий беқарор мамлакатлар ички ишларига аралашишини қонунийлаштирди.

Честер Алан Артур 1880 йилги сайловларда вице-президент этиб сайланди. 1881 йил 2 июлида президент Жеймс Гарфилд оғир яраланди. Унинг ўлимидан кейинг Оқ уйга Честер Алан Артур келади ва 1885 йилга қадар АҚШ президенти лавозимида фаолият юритади.

Эндрю Жонсон вице-президент этиб 1864 йилда сайланади ва Авраам Линкольндан сўнг АҚШнинг 17-президенти (1865-1869) лавозимини эгаллайди. Айнан унинг даврида АҚШ (1867 йилда) Россиядан Аляскани сотиб олади.

Миллард Филлмор 12-вице-президент ва 13-президент (1850—1853) бўлиб, виглар партиясининг сўнгги президентидир.

Кичик Жон Тайлер 10-вице-президент ва 10-президент (1841—1845) бўлиб, амалдаги давлат раҳбари вафотидан сўнг президент лавозимини эгаллаган биринчи вице-президентдир.

Мартин Ван Бюрен 8-вице-президент ва 8-президент бўлиб 1837 йилдан 1841 йилларда ҳукмронлик қилган. "Окей" сўзи айнан Мартин Ван Бюренга тегишли экани айтилади.

Томас Жефферсон Мустақиллик Декларациясининг (1776) муаллифларидан бири бўлиб, 2-вице-президент ва 3-президент ҳисобланади.

Жон Адамс биринчи вице-президент ва иккинчи президент (1797—1801) бўлиб, унинг ўғли Жон Куинси Адамс 1825 йилда АҚШнинг 8-президенти сифатида лавозимга киришган.

Айни дамда АҚШнинг беш нафар собиқ вице-президентлари - Уолтер Мондейл (1977—1981), Катта Жорж Буш (1981—1989), Дэн Куэйл (1989—1993), Альберт Гор (1993—2001)  ва Дик Чейни (2001—2009) ҳаёт.

Бу галги сайловда Республикачилар Майк Пенсни, Демократлар эса Тимоти Кейнни вице-презилдентликка номзодини кўрсатган. Айнан улардан бири кейинчалик президент лавозимини эгаллаши эҳтимолдан ҳоли эмас, деган фикрлар айтилмоқда. 

Шарофиддин  Тўлаганов