АҚШ президентлиги учун сайловларда собиқ номзод, Вермонт штатидан бўлган сенатор Берни Сандерс ўз твиттерида айтдики, у республикачилар номзоди Дональд Трампнинг тарафдорлари ҳақидаги фикрини ўзгартирган.

«Мен энди Трамп учун овоз беришга қарор қилганларнинг барчаси ҳам ирқчилар ва бадахлоқлар деган фикрда эмасман», — дея ёзган у.

Сандерс қайд этиб ўтганки, миллиардер номзоднинг баъзи тарафдорлари чиндан ҳам шундай тоифага киради. Шу билан бирга унга овоз берадиган америкаликлар орасида «жабрланганлар, болалари учун хавотирланиб, кам миқдордаги маош эвазига ишлашда давом этадиганлар» борлигини айтиб ўтган.

Сенаторнинг қайд этишича, улар Трампга бир ҳовуч инсонлар учун эмас, барча америкаликлар учун хизмат қиладиган иқтисодиёт тузилиши ҳақидаги ваъдалар учун овоз беришмоқчи.

Сандерс кейинроқ демократларни қўллаб-қувватлашини билдириб ёзув қолдирган. У АҚШ Сенати ва Қонунчилик палатасидаги демократлар, шунингдек, партия номзоди бўлмиш Ҳиллари Клинтон зарур лойиҳаларни амалга оширишига ишонч билдирган.