Ҳиндистон пойтахти Деҳли шаҳри бош вазири шаҳардаги барча мактабларни кейинги кунларда кузатилаётган кучли смог туфайли ёпиш ҳақида қарор қабул қилди. Шаҳарда ҳавонинг ифлосланиш даражаси одатдагидан 70 баробарга ортган.

Вазирлар маҳкамасининг навбатдан ташқари йиғилиши вақтида вазир Арвинд Кеджривал юзага келган вазият бартараф этилиши учун барча зарур чоралар кўрилишини ваъда қилган.

Шаҳардаги барча қурилиш объектларида иш 5 кун муддатга тўхтатилган. Асосий йўллар чангни кетказиш учун ювилмоқда.

Деҳли вазири шаҳар аҳолисини зарур сабаблар бўлмаса, уйлардан чиқмасликка чақирган.

Шаҳарда минглаб кишилар вазият бўйича тезроқ чора кўришни ҳукуматдан талаб қилган ҳолда кўчаларга чиққан.

Твиттерда ҳиндистонликлар #MyRightToBreathe (Менинг нафас олиш ҳуқуқим) ҳештеги билан акция уюштиришган.