Оҳангаронлик Ботир Бойзоқов (исм-шарифлар ўзгартирилган) илгари ўғирлик жиноятини содир этиб, суднинг қора курсисига ўтирган эди. Аммо амнистия актига асосан жазодан озод этилганига қарамай, қилган ишидан тегишли хулоса чиқармади. Бу ҳақда “Постда” нашри ёзмоқда.

Туман электр тармоқлари корхонасига назоратчи-монтёр бўлиб ишга кирган Ботир яна жиноят йўлини танлади. У ва шериги Ж.Ғаниев билан ўзига бириктирилган 4-кичик туманда истиқомат қилувчи фуқаро Ойбек Мансуровнинг хонадонида текширув ўтказди. Ботир Ойбекка электр тармоғига ноқонуний уланганини, 200 АҚШ доллари билан ишини ҳал этиб беришини айтади. 

Ойбек Мансуров эртаси куни электр тармоқлари идорасига борди. Электр қувватидан ноқонуний фойдаланмаганлигини, бу ҳолатга аниқлик киритишини сўраб, мурожаат қилди. Аммо ҳеч қандай натижа бўлмади. Шундан кейин Ботир Бойзоқовнинг қонунга зид хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, ҳуқуқ-тартибот идорасига мурожаат қилди.

Суриштирувларда Ботир Бойзоқов фуқаролар Ф.Абдуваҳобовадан фойдаланилган электр энергияси учун тўловни амалга ошириб беришини айтиб, фирибгарлик йўли билан 150 минг сўм, Х.Амировдан 257 минг 500 сўм, Д.Алиевадан 100 минг сўм пул олиб, электр тармоқлари корхонаси ғазнасига кирим қилмасдан ўзлаштириб юборгани аниқланди. Унга нисбатан тегишли жазо тайинланди.