Тоққа дам олиш учун чиққан бир гуруҳ фуқаролар орасидаги ўрта ёшли йигитнинг хатти-ҳаракатлари бу ерда хизмат вазифасини бажараётган Наманган вилояти ИИБ тоғли ҳудуд бўйича жиноят қидирув бўлими катта тезкор вакили, майор Нодир Мирзаевда шубҳа уйғотди. Бу ҳақда “Постда” нашри ёзмоқда.

Тун ярмида йигит ким биландир учрашгани йўлга чиқади. Унинг ортидан майор ҳам кузатиб боради. У чодирдан икки юз қадамлар узоқликда тоғдан тушиб келган бир кимса билан учрашади. У йигитнинг қўлига бир қопда нарса бериб, ўзи ҳам унинг қўлидан номаълум нарса олиб ортига қайтади. Йигит эса қўлидаги юкларни тошлар орасига беркитиб, ортга қайтади.

Майор Н.Мирзаев вақтни қўлдан бой бермай “тунги меҳмон”ни қўлга олади. 

Энди у йигитни қўлга тушириш учун вақт пойлайди. Эртасига ҳалиги йигит келиб, юкларини тошлар орасидан олаётган вақтда ички ишлар органи ходими томонидан қўлга олинди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига унинг шахсини аниқлаш қийин кечмади. Маълум бўлишича, Поп туманида яшовчи йигирма беш ёшли К.М турли ёт оқимларга берилиб, ўзи сингарилар билан анча вақтдан буён алоқа қилиб юрган, қўшни республикада яшовчи ҳамтовоғи “совға” қилган қопда эса Ўзбекистонда тақиқланган турли хилдаги ноқонуний китоблар, дисклар бор экан. 

Жиноятчига қилмишига яраша жазо берилди.