АҚШ президенти лавозимига номзод Хиллари Клинтон АҚШ давлат котиби бўлиб ишлаганда мунтазам равишда уйидаги хизматкоридан махфий ҳужжатларни принтердан чиқариб беришни илтимос қилиб келган, деб маълум қилди Федерал қидирувлар бюроси терговига иқтибос келтирган ҳолда Fox News телеканали.  

ФҚБ терговидан кўчирмада кўрсатилишича, Клинтоннинг Вашингтондаги уйида ишлаган уй хизматкори Марина Сантос махсус рухсатга эга бўлмай туриб махфий ҳужжатларни чоп этиб берган. Жумладан, Клинтон давлат департаментидаги юқори лавозимдаги ёрдамчиларидан давлат хавфсизлиги жиҳатидан жуда нозик бўлган ҳужжатларни электрон кўринишда олган ва уларни чоп этиб бериш учун Сантосга жўнатган, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги. 

Сантос чоп этган ҳужжатлар орасида Клинтоннинг нутқлари қораламалари, махфий эслатмалар ва ахборотлар, Клинтон учун хорижий давлатлар раҳбарлари билан телефон суҳбати учун тайёрланган материаллар бўлган.

"Илтимос, Марина менга айтганларимни чоп этиб беришини айт", деб айтилган Клинтоннинг ёрдамчиси Хума Абединга юборилган мактубида. Маълум қилинишича, гап 2011 йилдаги ҳужжатлар ҳақида бўлиб, улар махфий ёрлиғи билан белгиланмаган бўлса-да, бироқ чекли сондаги одамлар учун мўлжалланган хизмат ахбороти бўлган. 

Телеканалнинг таъкидлашича, Клинтон филиппинлик муҳожир хизматкори Сантосга давлат сирларини ишониб топшириш мумкин деб ҳисоблаган, бу эса унинг янада танқид қилинишига сабаб бўлади.

5 ноябрда, шунингдек, Клинтон АҚШ давлат котиби бўлган кезларда Оқ уй ходимларидан олган махфий ахборот сақланган мактубларни қизи Челсига юборгани маълум қилинди.