АҚШ президентлиги сайловларига 2 кун қолганда Хиллари Клинтон олдинда бормоқда, бироқ унинг асосий рақиби Дональд Трамп ҳам ғалаба учун реал имкониятларни ўзида сақлаб қолмоқда. Бундан жамоатчилик фикрини билиш бўйича ўтказилган сўровномалар ва улар асосида қурилган прогнозлар дарак бермоқда.

9 та умуммийллий сўровномаларга кўра, Клинтон 7 та сўровномада Трампни ортда қолдирмоқда, бир сўровномада уларнинг рейтинглари бир хил бўлган. Яна бир сўровномага кўра, Трамп 5 фоиз олдинда бормоқда. 

RealClearPolitics сайти барча сўровномаларининг ўртача кўрсаткичи Клинтонга 2 фоизлик, FiveThirtyEight сайтиники эса 3 фоизлик устунликни бермоқда.

Сайловларда ғалаба қозониш учун овоз берувчиларнинг кўпчилик овози эмас, балки 538 сайловчидан камида 270 нафарининг овози талаб этилади. Ҳар бир штат ўз сайловчиларини белгилайди, бунда барча овозлар умумхалқ сайлови ғолибига берилади.

Клинтон 268 сайловчи овозига тенг бўлган штатларда етакчилик қилмоқда. У президент бўлиши учун Нью-Гэмпшир, Мэн, Миннесота, Виргиния, Мичиган, Пенсильвания ва Колорадо штатларида етакчиликни сақлаб қолиши лозим. Шунингдек, Флорида, Огайо, Невада, Шимолий Каролина ва Айова штатларида ҳам кескин кураш кетмоқда. Клинтон бу штатлардан бирида ютиб, катта эҳтимоллик билан ўзига ғалабани таъминлайди.

Трампда ғолиб бўлиш учун биргина йўл бор: у қандай бўлмасин 29 сайловчига эга Флорида (йўқса деярли мағлуб бўлади), Шимолий Каролина, Невада ҳамда Огайо штатларида ютиши керак. 

Бу ҳолда Трампнинг Нью-Гэмпшир ёки Мичиганда ғолиб бўлиши Клинтонни мағлубиятга олиб келиши мумкин. Шунингдек, бирор номзод ҳам зарур бўлган 270 овозни тўплай олмайдиган ҳолат, яъни 269:269 дуранг вазият ҳам юз бериши мумкин. Бу ҳолда янги президент тақдири конгресс қуйи палатасида ҳал қилинади. 

Шунингдек, ҳал қилувчи штатлардан бирида овозларни қайта ҳисоблаш эҳтимоли ҳам мавжуд. Бу вазиятда ғолибни аниқлаш учун ҳафталар талаб этилиши мумкин ва у Олий судда ҳал қилинади. Шунга ўхшаш вазият 2000 йилда Кичик Жорж Буш ва Альберт Гор ўртасида юзага келган. Натижада Флоридадаги овозлар қайта ҳисоблангач, ғалаба Бушга берилган.