Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй Ҳиндистонга ташрифи олдидан айтдики, бу мамлакат Британиянинг «табиий ҳамкори» саналади.

«Буюк Британия ва Ҳиндистон — табиий ҳамкорлар. Бири энг кўҳна демократия бўлса, иккинчиси дунёдаги энг йирик демократия», — дея унинг сўзларини келтирган Bloomberg.

Мэй хонимнинг айтишича, Ҳиндистон билан ҳамкорликнинг истиқболлари порлоқдир.

«Бу сафар мен бу салоҳиятдан фойдаланиб, эски алоқаларни Британия учун фойдали йўсинда қайта жонлантирмоқчиман», — деган у.

Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй бошчилигидаги кичик ва ўрта бизнес вакилларини ўз ичига олган делегация 6–8 ноябрь кунлари Ҳиндистонга ташриф буюради. Бош вазир британиялик вазирлар билан бирга (Халқаро савдо вазири Лиам Фокс бошчилигидаги делегация ҳамда 33та корхона вакиллари) Нью-Деҳлида  бўлади. Ташриф доирасида Буюк Британияда 1370та янги иш ўрни ташкил қилишни ўз ичига олувчи тижорий келишувлар тузиш кўзда тутилган.

Бу сафар Мэй хоним учун мамлакат бош вазири сифатида Европа қитъасидан ташқарига амалга ошириладиган илк ташриф бўлади.