«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси 2017 йилдан Тошкент—Нью-Йорк йўналиши бўйича рейсларни Boeing-787 Dreamliner самолётларида амалга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда миллий авиакомпания бош директори Валерий Тян маълум қилган.

Унинг қайд этишича, авиакомпания ушбу рейсларни ёзги жадвалдан амалга ошира бошлайди.

Маълумот учун, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКнинг ёзги жадвали март охиридан октябрга қадар амалда бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 5 ноябрь куни «Тошкент» халқаро аэропортига «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси томонидан харид қилинган иккинчи Boeing-787 Dreamliner самолёти етиб келди. Тошкентга биринчи  Dreamliner 31 август куни келтирилганди.

Бундан ташқари, миллий авиакомпания яна 787-9 модификациясидаги 3та Boeing Dreamliner харид қилишни режалаштирган.

Boeing 787 Dreamliner кенг фюзеляжли, икки моторли реактив йўловчи самолёти ҳисобланади. Йўловчиларнинг максимал сони: 250 нафардан 330 нафаргача.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ва Boeing компанияси иккита Boeing-787-800 Dreamliner самолётлари ва битта захира двигателини харид қилиш борасида шартнома имзолашган. Шартнома нархи 246,4 млн АҚШ долларини ташкил этади.

 «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси айни пайтда 15 та Boeing самолётидан фойдаланмоқда. Миллий авиакомпания томонидан амалга оширилаётган барча ташувларнинг ярмидан кўпи айнан ушбу ҳаво лайнерлари ҳиссасига тўғри келмоқда ва бу авиакомпаниянинг минтақадаги йирик ҳамда жадал ривожланаётган авиакорхоналардан бири сифатидаги ўрнини мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этмоқда.