Дунёдаги энг йирик спорт кийими ишлаб чиқарувчиларидан бири ҳисобланган Adidas Group'нинг иккинчи ярим йиллик ҳисоботида Reebok брендини қайта тиклаш ишлари туфайли 30 миллион евролик (33,4 миллион доллар) харажат қайд этилади. Adidas бош директори Каспер Рорштеднинг сўзларига кўра, бу чора секин ривожланаётган бренддан воз кечмаслик ва уни Adidas'дан янада мустақил тараққий эттириш имконини пайдо қилади. Бу ҳақида The Wall Street Journal хабар берди. 

Рорштед Henkel'даги 8 йиллик фаолиятидан сўнг, 2016 йилнинг октябридан Adidas Group бошқарувини қўлга олди. Инвесторлар унинг немис спорт кийими ишлаб чиқарувчиси бошқарувидаги биринчи стратегик қадамларини сабрсизлик билан кутишган эди.

Adidas Group  Reebok брендини 2005 йилда қўлга киритган. Узоқ вақт давомида бу марка сотувлари пасайиб кетди ва компания мунтазам равишда унинг ривожланиши учун инвестиция киритишига тўғри келди. Охирги 14 чорак давомида Reebok сотувлари ўсди, албатта, бироқ бу ўсиш Adidas бренди ва рақибларнинг ўсишига нисбатан анча секин эканлиги таъкидланди. Масалан, унинг сўзларига кўра, сўнгги уч йилда  Шимолий Америкада Reebok брендининг сотувлари умуман ўсмаган. "Reebok'га икки карра кўп куч сарфлайдиган вақт келди", - дея таъкидлади Рорштед. 

"Брендни қайта тиклашдан мақсад - сотувлар ўсишини тезлаштириш ва даромадни ошириш, - деди раҳбар. - Reebok - жамоамизнинг муҳим аъзоси. Бироқ муваффақиятга спортдаги каби жамоа аъзоларининг ҳар бири ўз ҳиссасини қўшиш керак. Биз Reebok'дан шуни кутмоқдамиз", - деди у.  

Бунинг учун Adidas Group фақатгина Reebok бренди билан шуғулланувчи махсус жамоа тузади. Компания АҚШдаги Reebok дўконлари сонини икки баробарга камайтирмоқчи ҳамда Reebok FitHub'нинг баъзи дўконларини ёпмоқчи. 2016 йил охирига бориб, Reebok брендининг 20та дўкони ҳамда Reebok FitHub'нинг деярли ярми ёпилади. Компания бунинг ўрнига Reebok'нинг улгуржи сотувларига урғу беради.