АҚШ ҳукумати катта талофатлар билан кечиши мумкин бўлган, астероиднинг Ер билан тўқнашиши эҳтимолига бошқармалараро қўмондонлик-штаб машғулотлари ўтказди. Бу ҳақда АҚШнинг аэронавтика ва коинот ҳудудини тадқиқ қилиш миллий бошқармаси матбуот хизматига иқтибос келтирган ҳолда ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда

Машғулотлар ташкилотчилари NASA коинот агентлиги ва АҚШнинг фавқулодда вазиятлар бўйича федерал агентлиги бўлди. Машғулотларда Пентагон, АҚШ энергетика вазирлиги таркибига кирувчи ва ядровий қурол яратиш билан шуғулланувчи миллий лабораториялар ҳамда бир қатор бошқа ташкилотлар иштирок этди.  

Машғулотлар Калифорния штатининг Эль-Сегундо шаҳри ҳудудида бўлиб ўтди. NASA сценарийсига кўра, 2020 йил 20 сентябрда диаметри 250 метрлик астероиднинг Ер билан тўқнашиши билан боғлиқ кўрилиши керак бўлган ҳаракатлар машқ қилинди. 

Коинот агентлиги ва АҚШ махсус хизматларида тушунтирилишича, бундай фазо жисмининг Ерга тушиши эҳтимоли 2 фоизга тенг деб баҳоланганди. Бироқ машқлар афсонасига кўра, 2017 йил майида астероид билан тўқнашишдан қутулиб қолишнинг имкони йўқлиги аниқ бўлади.

2017 йил ноябригача олимлар астероид ёки Калифорниянинг жанубий қисмига, ёки унинг соҳиллари яқинида Тинч океанига қулашини аниқлайдилар. Бу афсонага кўра, АҚШ ҳукумати Лос-Анжелес ва унинг ён атрофидаги 13 млн лик аҳолини оммавий эвакуация қилишни амалга ошириш учун зарур тадбирлар режасини тузиб чиқди.

Эвакуация режаси астероидни йўқ қилиш ёки унинг йўналишини ўзгартириш мақсадида бирор бир миссияни бажаришга вақт етмаслиги сабабли танланади. 

Машқлар давомида тўқнашувнинг оқибатларини прогноз қилувчи моделлар кўриб чиқилди ҳамда эҳтимолий фалокатдан кейин фуқароларни чалғитиши мумкин бўлган турли миш-мишларни инкор қилиш режалари тузилди.  

2016 йил ноябри бошида NASA ходимлари Ерга хавф туғдирувчи метеоритларнинг яқинлашиши ҳақида 5 кун олдинроқ огоҳлантиришга ваъда бердилар. Уларнинг фикрича, бу вақт ичида зарурий чораларни кўриш мумкин бўлади.