АҚШнинг собиқ бош прокурори ва адлия вазири Жэнет Рино 79 ёшида Американинг Майами шаҳрида (Флорида штати) ҳаётдан кўз юмди. У Билл Клинтон маъмуриятида ушбу юксак лавозимни эгаллагандан буён мамлакат тарихидаги илк аёл бош прокурор сифатида эътироф этиб келинади. Associated Press агентлиги шу ҳақида хабар берди. 

Яқин инсонларидан бирининг сўзларига кўра, собиқ адлия вазири кўп йиллар давомида Паркинсон касаллиги билан курашиб келган. У ўзининг сўнгги кунларини Майамидаги уйида яқинлари ва дўстлари орасида ўтказган. Рино Майами шаҳрида журналистлар оиласида таваллуд топган. У Корнелль ҳамда Ҳарвард университетларини ҳуқуқий билимлар йўналиши бўйича тамомлаган. 

Жэнет Рино 1993 йилда президент Билл Клинтон томонидан адлия вазири ва бош прокурор лавозимларига тайинланган. У 8 йил давомида мазкур лавозимида фаолият кўрсатган. Бутун Америка тарихида бу лавозимда фақат Уильям Виртгина (1817-1829 йилларда адлия вазирлигини бошқарган) ундан узоқроқ фаолият олиб борган. 

Клинтон маъмуриятида ишлаган вақтларида Рино кўплаб мураккаб ва муаммоли масалаларни кўриб чиқишига тўғри келган. 

2001 йилда истеъфога чиққандан сўнг Рино Флорида губернаторлигига ўз номзодини қўйган, бироқ праймеризда демократ рақибларидан бирига мағлуб бўлган.