Россиянинг Бошқирдистон республикасидаги Ямаш қишлоғидаги мактаб ўқувчилари йўлга ёввойи ва йиртқич ҳайвонлардан ҳимояланиш мақсадида болта билан қуролланган ҳолда чиқишига тўғри келмоқда. Бу ҳақда «Медиакорсеть» хабар берган.

Қишлоқда мактаб йўқлиги туфайли бу ҳудудда истиқомат қилувчи болалар 10 км масофадаги қўшни қишлоққа қатнашларига тўғри келади. Қўшни қишлоқ йўлида ўқувчилар ўрмон ичидан ўтиши керак бўлади ва ҳар эҳтимолга қарши ота-оналар болаларини болта билан қуроллантирган ҳолда йўлга кузатмоқда.

Бурзянск тумани маъмурияти бу ҳодисага изоҳ бера туриб, ҳозирча бу муаммонинг оптимал ечими топилмаганини айтган.

"Йўллар нишаблиги туфайли бу йўлда автобус қатнай олмайди. Биз ота-оналар ва ўқитувчилар билан гаплашиб, муаммони ҳал қиламиз. Улар болаларни мактабга кузатиб боришда навбатчилик ташкил қилишади", деган маъмурият вакили.

Владимир Шичинов нашрлардан бирига берган интервьюсида ёввойи ҳайвонларга қарши оддий болта билан қаршилик кўрсатишнинг иложи бўлмаслигини айтиб ўтган.

Ҳудуд бўйича болалар ҳуқуқлари учун масъул бўлмиш Милана Скоробогатова эса бу ҳақида эшитмаганини айтган. У вояга етмаганларнинг хавфсизлигини таъминлаш ишлари билан тегишли муассасалар шуғулланишини таъкидлаган.

Прокуратура бу ишни текширади.