Остона суди тадбиркор Тохтар Тулешовни давлат тўнтаришини ташкил этишда айбдор деб топиб, 21 йилга озодликдан маҳрум этишга қарор қилди, деб хабар қилмоқда Tengrinews агентлиги. Таъкидланишича, у муддатини қатъий тартибдаги колонияда ўтказади. 

Суд хулосасини ўқиб берган судья Ербол Ахметжановга кўра, Қозоғистон Республикаси Жиноят кодекси 58-моддаси 4-бандига асосан, жиноятларга тайинланувчи жазо муддатларини қисман умумлаштириш йўли билан Тулешовга 21 йиллик озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. 

Бундан ташқари, айбланувчининг ноқонуний йўллар билан орттирган бойлиги ва мол-мулки мусодара қилинади. Тулешов шунингдек, тижорат ва жамоат ташкилотларидаги раҳбарлик лавозимини  эгаллаш ҳуқуқидан умрбод маҳрум этилган. 

Мамлакат ЖКнинг 49-моддасидан келиб чиққан ҳолда, Тулешовдан полковник унвони олиб қўйилган ҳамда уни давлат мукофоти - «Курмет» орденидан мосуво этиш бўйича президент Нурсултон Назарбоевга таклиф киритиш белгиланган. Жазони ўташ муддати Тулешовнинг қамоққа олинган куни, яъни 2016 йил 30 январдан ҳисобга олинади. 

Июль ойида Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси чимкентлик тадбиркор Тохтар Тулешовнинг мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштиришга урингани ҳақида маълум қилган эди. 

Қўмитанинг қайд этишича, тадбиркор ҳокимиятни куч билан эгаллаб олиш борасида аниқ ишларни амалга оширган. У жумладан сунъий равишда оммавий норозилик намойишлари ва тартибсизликларни келтириб чиқариш, бунинг воситасида муқобил ҳукуматни шакллантириш ҳамда амалдаги ҳукумат тузилмасини ўзгартиришни режалаштирган.