Суюлтирилган табиий газни ташиш учун мўлжалланган дунёдаги биринчи музёрар танкер 8 ноябрда Жанубий Кореядан Шимолий муз океанига синовдан ўтиш учун йўл олади, деб хабар бермоқда Мorvesti портали. Бу ҳақда кемани Россиянинг "Совкомфлот" компаниясига қуриб берган Daewoo Shipbuilding & Marine Engineering корпорацияси маълум қилди. 

Кеманинг қурилиши 30 ой давом этди ва энди у Шимолий муз океанидаги реал шароитларда синовдан ўтиши керак. Синов январь охиригача давом этиши режалаштирилган.

Маълум қилинишича, танкер 2,1 метр қалинликдаги муз майдонларидан ўта олади, унинг тумшуғи ва орқа қисми 70 мм лик пўлат пластиналар билан қоплаб чиқилган. Кема минус 52 градусгача ҳароратгача ишлай олади.

Маълум қилинишича, Жанубий Корея компанияси кемани қуришга буюртмани 2014 йил мартида олган. "Рёнхап" ахборот агентлигининг маълум қилишича, "Ямал СПГ" лойиҳаси учун умумий ҳисобда бундай синфдаги кемалардан 15 та қурилади. Улардан ҳар бири 173 минг куб метр суюлтирилган табиий газ таший олади.