Жорий йилнинг 10-14 ноябрь кунлари Ҳиндистоннинг Керала штати Коччи шаҳрида Кураш бўйича ёшлар ўртасида VIII жаҳон чемпионати ва Кураш Халқаро Ассоциациясининг XVI Конгреси бўлиб ўтади. Бу ҳақда IKA матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ҳиндистон Республикаси ҳукумати, спорт ва туризм вазирлиги, Миллий Олимпия қумитаси, Осиё Кураш Конфедерацияси ва Ҳиндистон Кураш федерациялари ташаббуси билан ташкил этилаётган мазкур чемпионатда дунёнинг 45та  мамлакатидан 300 дан ошиқ ёш полвон гиламга тушади.

Мусобақалар ва тантанали очилиш маросими 13-14 ноябрь кунлари Ражив Ганди номидаги Марказий ўйингоҳда 14 вазн тойифасида ўғил болалар: 60, 66, 73, 81, 90, 100 ва +100 кг қизлар: 48, 52, 57, 63, 70, 78, 87 и + 87 кг.ларда бўлиб ўтади.

11-12 ноябрь кунлари эса Дунё Кураш оиласининг муҳим тадбирларидан бири  IKA ижроқум йиғилиши ва Кураш Халқаро Ассоциациясининг ХVI Конгреси VVIP меҳмонхонаси конференциялар залида ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

Конгрессда Кураш Халқаро Ассоциациясининг Қитъавий Конфедерациялар Президентлари ҳисоботлари, 2017-2018 йилги мусобақалар тақвим режаси, Туркманистон ва Индонезияда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларидаги иштирок, Халқаро Кураш Институтини ривожлантириш ва янги федерацияларни аъзоликка қабул қилиш масалалари муҳокама этилади.

Кураш бўйича ёшлар ўртасида VIII-Жаҳон чемпионатида Элмурод Соатов ва Олим Равшанов мураббийлиги остида 14 нафар Ўзбекистон терма жамоаси курашчиси Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.