Ироқнинг Курдистон мухтор вилояти ҳукумати халқаро алоқалар департаменти бошлиғи Фалаҳ Бакир Россияга ҳарбий ва гуманитар ёрдам сўраб, мурожаат қилган, деб ёзмоқда «Известия» нашри.

Бакир Россия ТИВ раҳбари ўринбосари Михаил Богданов билан 1 ноябрь куни учрашган. Томонлар мулоқот чоғида қатор масалалар, хусусан, Ироқ Курдистони ва Россиянинг терроризмга қарши курашдаги муносабатларини муҳокама қилишган. Бундан ташқари, Ироқ Курдистони вакили ҳарбий ва инсонпарварлик ёрдамлари сўраганини маълум қилган. 

«Бизнинг фикримизча, жаҳон ҳамжамияти, биринчи галда бизнинг иттифоқчиларимиз, хусусан Россия ҳар томонлама ёрдам кўрсатиши лозим», — дея баёнот берган Бакир.

Унинг сўзларига кўра, Россия томони икки томонлама алоқалар ривожланиши муҳимлигини эътироф этган. Бакирнинг айтишича, Москва мурожаатларни ўрганиб чиқишга ваъда берган.