Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги Almaty Towers бизнес марказида келиб чиққан ёнғин ўчирилгач, воқеа жойидан 4 кишининг жасади топилган. Яна бир киши бедарак йўқолган. Бу ҳақда шаҳардаги фавқулодда вазиятлар бўйича департамент матбуот хизматига асосланиб, Интерфакс хабар берган.

Олов мажмуага кирувчи Cinema Towers 3D кинотеатридан бошланган.

Шаҳар фавқулодда вазиятлар департаменти расмий вакили Сандуғаш Баймухамбетова бундан олдинроқ, ҳодиса бир кишининг ўлимига сабаб бўлгани, томда пайвандлаш ишларини олиб борган ишчи ис газидан заҳарланиб ўлгани ҳақида айтганди.

Якшанба куни кечқурун Байзакова кўчасидаги 6 қаватли бинонинг юқори қаватида ёнғин бошланганди. Бинодан 80 киши эвакуация қилинди. Ўт ўчириш ва қутқарув ишларига 150 киши ҳамда 34 техника бирлиги жалб этилди.