ИШИД жангарилари Мўсулни қамал қилиб келаётган ироқлик ҳарбийларга пистирмалар қўйиш ва миналаштирилган автомобиллар орқали ҳужум қилмоқда. Бу орқали Ироқ армиясининг олдинга силжиши қийинлашмоқда. Бу воқеалар якшанба куни Суриянинг Раққа шаҳрида янги фронт очилиши ортидан рўй берди. Раққадаги амалиётларга ҳам АҚШ бошчилигидаги коалиция самолётлари жалб этилган.

Жангарилар шу вақтгача Мўсул шарқидаги 7та туманни бой беришди. Эндиликда кўча жанглари кетмоқда.

Мўсул Ироқдаги иккинчи йирик шаҳар бўлиб, бу шаҳар 2014 йил ёзидан буён ИШИД назоратида қолмоқда.

Октябрь ойининг иккинчи ярмида бошланган кенг кўламли ҳужумларда Ироқ армияси, хавфсизлик хизматлари, курд бўлинмалари ва шианинг ҳарбийлашган гуруҳларини ўзида жамлаган 100 минг кишилик қўшин иштирок этмоқда. Уларнинг коалиция самолётлари ҳаводан туриб қўллаб-қувватламоқда.

Якшанба куни ИШИДнинг Суриядаги Раққа шаҳрини ҳам озод этишга қаратилган "Фрот ғазаби" номли ҳарбий амалиёт бошлангани эълон қилинди.

Вашингтондагиларнинг маълум қилишича, Раққага ҳужум Мўсулдаги ҳужум устига зарба бўлади. Бу орқали ИШИДнинг имкониятлари қирқилиши кўзда тутилган.

Раққа ва Мўсулни озод этиш учун бир вақтда уруш олиб борилиши Абу Бакр ал-Бағдодий 2014 йилнинг июнида асос солган ИШИД ташкилотининг бутунлай қулашига олиб келиши кутилмоқда.

Шу билан биргаликда Бағдодий ўз тарафдорларига душман билан кенг кўламли уруш олиб борилмаслиги, Мўсулда мустаҳкам ҳимояланишни маълум қилган. Ташкилот худкуш жангариларни ироқлик ҳарбийлар ичига йўллаш, мерганлардан фойдаланиш ва армия назоратига ўтган ҳудудлардаги тинч аҳоли вакиллари орасига худкушларни қолдириш эвазига урушни давом эттирмоқда.

Мўсулда 2 йил олдин 2 миллиондан ортиқ киши яшаган. Шаҳарни озод этиш учун ҳужум бошланган вақтда шаҳарда 1,5 миллионгача киши яшарди, амалиёт бошланганидан бери 34 мингга яқин ироқлик уйини тарк этишга мажбур бўлди. Уларнинг аксарияти қисқа муддатда жиҳозланган жойлар ва қабул қилувчи жамоаларда жойлаштирилган. Гуманитар агентликлар ички қочқинлар ва озод қилинган туманлар аҳолисига ёрдам кўрсатмоқда.

Сурия курдлари Раққани озод этиш учун ҳужум бошламоқда