"Фенербаҳче"нинг Туркия чемпионати доирасидаги учрашувлардан бирида юз берган вазият ортидан Робин ван Перси кўр бўлиш хавфи остида қолди.

"Фенербаҳче"нинг "Акҳисар"га қарши кечган ва мезбонларнинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган ўйин давомида ван Персининг қовоғига уришган. Жарима майдончасида нидерландиялик футболчини қарши олган ҳимоячи унинг чап кўзига бармоқлари билан зарба бериб юборган.

Ван Перси майдондан тўғри шифохонага олиб кетилди. Дастлабки ташхис ёқимсиз: футболчи 33 ёшида бир кўзи кўрмай қолиши мумкин.

"Фенербаҳче" сафида иккинчи мавсумни ўтказаётган футболчи ўз вақтида Англиянинг "Арсенал" ва "Манчестер Юнайтед" жамоаларида ёрқин даврлар ўтказганди.

Нидерландия терма жамоаси сафида ван Перси 2010 йилги ЖЧда кумуш, 2014 йилги ЖЧда эса бронза медаль олганди. У миллий терма жамоа сафидаги 101 учрашувда 50та гол урган.