Ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати гуруҳ босқичида Ўзбекистон U-16 термаси дарвозабонидан ғалати гол ўтказиб юборган КХДР посбони 2017 йилги жаҳон чемпионатидан четлатилди

Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) КХДР U-16 терма жамоаси дарвозабони Жан Пак Хони бир ой муқаддам Ўзбекистон ўсмирлар термасига қарши (1:3) Осиё чемпионати 3-тур учрашувида ғалати гол ўтказиб юборгани учун ёш дарвозабон ишини кўриб чиқди.

Ўша воқеа рўй беришидан олдин кореяликлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб турганди. Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси дарвозабони Жасурбек Умрзоқов КХДРга қарши ўйиннинг 49-дақиқасида шерикларини олдинга бошлаш учун тўпни тепиб юборди. Рақиб жарима майдони томон учиб кетаётган тўпни қайтариш учун эса кореялик дарвозабон югуриб чиқди ва тўп Жан Пак Хо устидан ўтиб кетди. Тўпга етиб олмоқчи бўлган посбон йиқилди ҳамда ўз дарвозасидан гол ўтказиб юборди.

Бу учрашув Ўзбекистон вакилларининг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган ва жамоа гуруҳда биринчи ўринни эгаллаб, кейинги босқичга чиққанди. Аммо Темур Олимхўжаев шогирдлари чорак финалда Ироқ U-16 терма жамоасига имкониятни бой бериб, ЖЧ–2017 йўлланмасидан маҳрум бўлди. Корейслар иккинчи ўрин эгаллангани эвазига эса нисбатан осонроқ рақибга дуч келди ва ярим финалга ўтиб, ЖЧ йўлланмасига эга бўлди.

Комиссия кореялик посбон ғалати голни атайин ўтказиб юборган деб топди ва уни ўсмирлар ўртасидаги ЖЧ–2017 турниридан четлатди. Шунингдек, унга нисбатан 12 ойлик дисквалификация қўллаган. Жамоа мураббийи Юнг Йонг Су ҳам турнирдан четлатилган.

Бундан ташқари, дарвозабонга 4 минг фунт, мураббийга 800 фунт миқдорида жарима қўлланган. КХДР футбол федерацияси эса 16 минг фунт жарима тўлайди.